«Реал» мураббийи космос сари...

«Реал» мураббийи космос сари...

«Реал»нинг фитнес-мураббийи NASA тадқиқот маркази билан ҳамкорликда иш бошламоқда.

Эндиликда унинг машғулот ўташ усулларидан космонавтларни тайёрлашда ҳам фойдаланишади. Ҳа, гап жисмоний тайёргарлик бўйича машҳур мутахассис Антонио Пинтус ҳақида кетмоқда. Relevo хабарига қараганда, «Реал» футболчиларини оғир машғулотлар орқали тонусда ушлаб туриши билан танилган мураббий яқинда NASA ташкилотининг Хьюстонда жойлашган штаб-квартирасига ташриф буюрди.

Маълум бўлишича, италиялик «бераҳм» мураббийдан астронавтларни космик миссия­га яхшироқ тайёрлашда яқиндан ёрдам бериш сўралган. Пинтус энди космик агентлик билан маълумотлар ва тажриба алмашиб ишлайди. Оддий айтганда, NASA мутахассислари Пинтус «Мадрид»да йўлга қўйган баъзи техник машғулотларни космонавтларни тайёрлаш жараёнида синаб кўрмоқчилар. Ўз навбатида, мураббий NASA агентлигида мавжуд усулларни яқиндан ўрганиб чиқди ва келажакда улардан айримларини «Реал Мадрид» ҳаётига олиб кириш ниятида.

Таъкидланишича, NASA раҳбарияти 61 ёшли мутахассис билан илк марта ёзда алоқа боғлаган. Пинтус ўшанда «Мадрид» билан АҚШ турнесига чиққан эди. Италиялик мураббий илғор машғулотлар тўпламини йўлга қўйгани билан дунё миқёсида эътирофга эришганини алоҳида айтиш керак. Мисол учун, у футболчиларда чидамлиликни ошириш учун уларни махсус нафас олиш ниқобида шуғуллантиради.