Goal хабарига кўра, Марадона Аргентина - Англия учрашувида (2:1) иккита машҳур гол - қўл билан киритилган ва инглизларнинг қарийб ярим таркибини алдаб дарвозага жойланган баҳсда кийган либоси аукционда рекорд нарх - 8,5 миллион еврога сотилган. Қайд этилишича, ушбу либос сўнгги 35 йил давомида Англия миллий жамоасининг собиқ футболчиси Стив Хожга тегишли бўлган. Айнан у 1986 йилги жаҳон чемпионати доирасидаги Аргентинага қарши баҳсдан кейин Марадона билан футболка алмашган эди. Аукционга қўйилган ушбу либоснинг бошланғич нархи 4,98 млн еврони ташкил этган. Марадонанинг либоси аукционда сотилган спорт атрибутлари орасидаги энг қиммати сифатида рекорд нархга айланган. Эслатиб ўтамиз, Аргентина ЖЧ-1986 ғолибига айланган. Диего Армандо Марадона эса турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. Марҳум футболчи 2020 йилнинг 25 ноябрь куни 60 ёшида узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этган эди.