Search

АПЛ 2025/2026 тақвими: «МЮ» учун оғир старт

АПЛнинг янги мавсуми тақвими эълон қилинди. Унга кўра, навбатдаги кампания 15 август куни «Ливерпуль» - «Борнмут» ўйини билан бошланади «Энфилд»да. Якуний тур эса 2026 йилнинг 24 май кунига белгиланган - анъанага кўра, финиш маррасида барча жамоалар бир вақтда майдонга тушади. Sports.ru сайти ижодкорлари эса дарҳол тақвимни қўлга олиб, Opta маълумотлари асосида ҳар бир топ-клуб ўйинлари тартибини таҳлил қилишга тушдилар.

Аморим учун мураккаб старт

Opta таҳлил компанияси хулосасига кўра, энг мураккаб старт «МЮ» ва «Арсенал»да (дастлабки 5та тур назари бўйича). 1-10-турлар инобатга олинса, «Ливерпуль» ҳам анча қийналади. «Челси»да аксинча, старт жуда енгил: дастлабки 5та тур бўйича қулайлик жиҳатидан 15-ўрин. Агар даст­лабки 10та турни олсак, «Челси» енгил старт даражаси бўйича 19-ўринда.

 

-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Старт ва финиш марраси

Энди янги мавсум старти ва финиши тақвимини батафсил кўриб чиқамиз. Амалдаги чемпион «Ливерпуль» ўз юришини бақувватгина «Борнмут» ва «Ньюкасл»га қарши ўйинлар билан бошлайди, 3-турда эса «Арсенал»ни меҳмон қилади, 5-турда «Эвертон»га қарши «Ливерпуль дербиси» бор. Қолаверса, 21 декабрь - 18 январь оралиғини алоҳида белгилаш керак. Чунончи, Африка кубоги айни шу муддатга мўлжалланган. Демакки, Муҳаммад Салоҳ Миср термаси ихтиёрига кетиши мумкин. Шундай тақдирда Арне Слот жамоаси учун энг ёмон сценарийда мисрлик вингер 6та ўйинда «қизиллар»га ёрдам беролмайди. Аниқроғи, агар Салоҳ Африка чемпионатида охиригача қолса, «Тоттенхем» (меҳмонда), «Вулверхэмтон» (уйда), «Лидс» (уйда), «Фулхэм» (меҳмонда), «Арсенал» (меҳмонда) ва «Берн­ли» (уйда)га қарши ўйинларни ўтказиб юборади. Айниқса, «Арсенал» майдонига Салоҳсиз сафар ёқимсиз бўлиши мумкин. Мавсум охирида эса «Ливерпул»нинг «МЮ», «Челси» ва «Астон Вилла» билан ўйинлари бор. Агар Арне Слот шогирдлари ЧЛ ва Англия кубогининг сўнгги босқичларига чиқишса, тақвим янада оғирлашади: миллий кубок ярим финали - ЧЛ ярим финалининг биринчи ўйини - «Олд Траффорд»га сафар - ЧЛ ярим финалининг жавоб баҳси - «Челси» билан уй ўйини.

«Арсенал» зиммасига ўта мураккаб старт тушди: дастлабки 5та турда «МЮ», «Ливерпуль», «Ноттингем Форест» ва «Манчестер Сити» билан ўйинлар. Тўғри, тақвимнинг якуний қисми Микель Артета жамоаси учун оддийроқ. Эҳтимолки, шу ҳолат «канонирлар»га бу сафар охиригача чемпионлик пойгасида қолиш имкониятини тақдим этар. «Тоттенхэм»га қарши «Шимолий Лондон дербиси» ўйинлари эса 22 ноябрь (уйда) ва 21 февраль (меҳмонда) кунларига белгиланган. «Арсенал» апрель ойи охирида «Манчестер Сити» ва «Ньюкасл» билан куч синашади, шундан сўнг ЧЛнинг эҳтимолий ярим финал баҳслари бўлади.

«Манчестер Сити» дастлабки 5та турда «Тоттенхэм», «МЮ» ва «Арсенал» билан ўйнайди, аммо Opta таҳлилчилари назарида бу энг мураккаб тақвимлар рўйхатида атиги 10-ўриндадир. Катта эҳтимолки, «Тоттенхэм» ва «МЮ» ўтган мавсум ҳалокатли натижа кўрсатгани учун шундай баҳо берилган. Аммо «Тоттенхэм» моҳиятан Хосеп Гвардиола «Сити»си учун ноқулай рақиб саналади, «МЮ» эса катта ўйинларга қандай тайёрланишни яхши билади. «Олд Траффорд»да бўладиган «Манчестер дербиси»нинг жавоб баҳси 17 январга белгиланган. «Сити» учун мавсумнинг якуний қисми тақвими оддийроқ - асосан ўртамиёна клубларга қарши ўйинлар. 

--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Қаторасига 4та дерби

«Челси» янги мавсумни кетма-кет 4та «Лондон дербиси» билан бошлайди. Бундай старт жамоа тарихида биринчи марта кузатилади. Хуллас, дастлабки 4та ўйин «Кристал Пэлас», «Вест Хэм», «Фулхэм» ва «Брентфорд»га қарши. «Челси» 2021 йили ҳам мавсумга ўз майдонида «Пэлас» билан ўйин орқали киришган ва Томас Тухель қўл остида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Умуман, «аристократлар» АПЛда 15та ўйиндан буён бу рақибга ютқазишмаяпти - 13та ғалаба ва 2та дуранг. Ноябрь ойида эса «Челси»ни 2та йирик дерби кутмоқда - «Тоттенхэм» билан (1 ноябрь) меҳмон ва «Арсенал» билан (20 ноябрь) ўз майдонида. «Ливерпул»га қарши биринчи ўйин 4 октябрга қўйилган бўлса, «Манчестер Сити» билан дастлабки тўқнашув 3 январда бўлади. ЧЛ ўйинларини ҳисобга олсак, тақвим сезиларли даражада мураккаб. Зеро, «Челси» ЧЛ 1-туридан сўнг «Олд Траффорд»га боради (жамоа ушбу аренада 2013 йилдан буён АПЛ ўйинини ўз фойдасига ҳал қилолмаяпти). ЧЛ 2-туридан кейин эса «Ливерпуль» Лондонда меҳмон бўлади. Шунингдек, ЧЛ 4-туридан олдин «Тоттенхэм» майдонига сафар бор, 5-турдан кейин «Арсенал» билан уй ўйини. Мавсумнинг финиш қисми жуда қўрқинчли: «Челси» 28 февраль кунига қўйилган «Арсе­нал»га қарши ўйиндан эътиборан охирги 11та турда ўтган мавсумнинг кучли 7та жамоасига тўқнаш келади. Сўнгги уй ўйини - «Тоттенхэм»га қарши. Айтиш керак, «Челси» АПЛ тарихида бу рақибга «Стэмфорд Бриж»да атиги бир марта имкониятни бой берган (мавсум-2017|2018). Сўнгги тур ўйини енгилроқ - сафарда «Сандерленд»га қарши.

«МЮ»га тўхталсак, жамоани октябрь ойидаги халқаро танаффусгача мураккаб синовлар қарши олади - дастлабки 8та турда «Олд Траффорд»да «Арсенал» ва «Челси», шунингдек, сафарда «Манчестер Сити», «Брент­форд» ҳамда «Ливерпуль» билан ўйинлар. Тўғри, Рубен Аморим янги мавсумда ўйинни тўғри йўлга қўйиш имкониятига эга. Зеро, жамоа бу сафар еврокубокларда қатнашмайди ва мураббий машғулотларда турли ишланмаларни синаб кўриши мумкин. Айтиш керак, португалиялик мутахассис ўтган мавсум айнан тиғиз тақвим туфайли машғулотларга етарли вақт ажратолмаганидан нолиганди. Лекин бўлажак Африка кубоги муаммоларни юзага чиқариши мумкин. Бинобарин, бу турнир «Астон Вилла», «Ньюкасл», «Вулверхэмптон», «Лидс», «Бернли» ва «Манчестер Сити» билан ўйинлар вақтига тўғри келмоқда. Хуллас, «Юнайтед» камида 3та ўйинни асосий футболчилар - Андре Онана (Камерун), Амад Диалло (Кот-д~Ивуар) ва Нуссаир Мазрауи (Марокаш)сиз ўтказишга маҳкум бўлиши эҳтимоли катта. Жамоа шунингдек, Камерун термаси вакили Бриан Мбемони ўз сафига қўшиб олишга яқин. Дарвоқе, «МЮ»га январь - февралда ҳам қийин: бу оралиқда «Сити» ҳамда «Тоттенхэм» «Олд Траффорд»да меҳмон бўлади, қолаверса, «Арсенал» майдонида ўйин бор. Якун ҳам оғир кўринмоқда. Зеро, «МЮ» чемпионатнинг охирги 5та турида еврокубоклар йўлланмалари учун потенциал даъвогарлар - «Ливерпуль», «Ноттингем» ва «Брайтон» билан ўйнайди.

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Related to this topic: