Дезире Дуэ - узоқ уринишлардан сўнг ЧЛни ниҳоят, забт этган «ПСЖ» қаҳрамонларидан бири. 19 ёшли вингер Брэдли Барколяни асосий таркибдан четга сурди ва «Интер»га қарши финал ўйинига илк дақиқадан тушди. Муҳими, йигитча юксак ишонч учун бош мураббий Луис Энрикега дарҳол муносиб жавоб берди: 12-дақиқада моҳирона тарзда Ашраф Ҳакимини зарба йўлига чиқарди ва у ҳисобни очди. Яна 8 дақиқадан кейин эса Дезиренинг ўзи гол урди ва уни Килиан Мбаппе услубида нишонлади. Тўхтанг, бу ҳали ҳаммаси эмас: 63-дақиқада «ПСЖ» ҳужумга ўтди, Витинья чиройли юришдан сўнг тўпни Дуэга узатди, у зарба беришда адашмади - 3:0! Йигитча «дубл»ни футболкасини ечган ҳолда нишонлади ва сариқ карточка олди. Ҳечқиси йўқ, фақат Энрике бироз асабийлашди, чоғи, муҳим голдан кейиноқ уни алмаштирди. Дезире Дуэ - финал қаҳрамони, янги мегаюлдуз! Бундан 3 йилча олдин ҳам у ҳақда ҳеч ким эшитмаганди. Демак, sports.ru маълумотлари асосида Парижга узоқ кутилган совринни олиб келган ёш истеъдод билан бирров танишиб оламиз 15та факт воситасида.
№ 1. Дезире Дуэ Анже шаҳрида туғилган. Онаси франциялик, отаси эса Кот-д~Ивуардан. У ўғлига камтарлик ва сабр-тоқатни ўргатди. Дезиренинг ўзи ҳамиша Франция миллий жамоасида ўйнашни орзу қилган, чунки шу мамлакатда улғайди.
№ 2. Дезире - спортчилар оиласи вакили. У каби «Ренн» академиясида таҳсил олган акаси Гела «Страсбур»да ўйнайди, чап қанот ҳимоячиси. Амакиваччаси Янн Гбоо эса «Тулуза»да тўп суради. У ҳам профессионал фаолиятини «Ренн»да бошлаган. Амакиси - Нумандьез Дуэ Кот-д~Ивуарда ҳакамлик қилади. Яна бир амакиваччаси Марк-Оливье Дуэ эса Испания чемпионати Учинчи лигаси иштирокчиси «Понферрадина»да ўйнайди.
№ 3. Дезиранинг отаси - собиқ боксчи. Дезире ундан курашиш кўникмаларини ўрганди: 17 ёшида бемалол катталар даражасида гавдасидан эффектли фойдаланарди. Кучли танаси йигитчага майдонда жисмоний курашда ёрдам беради. У таран дриблинг салоҳиятига эга - рақибларни алдамайди, балки уларни ёриб ўтади.
№ 4. Дезире фаолиятида акаси Геланинг ўрни катта. «У худди эгизагимдек. Ҳар доим бир-биримизга эгизакдек қараганмиз, - дейди Дезире. - Бу муҳим боғлиқлик, ўзаро кўп гаплашамиз, яна ҳар қандай мавзуда. Тўғриси, Гела менга ҳар куни ёрдам беради, унинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим».
№ 5. Дезиреда муайян кумирлари бор: «Неймар ва Лионель Мессига ҳавас қилиб улғайдим. Зеро, болалигимда улар чўққида эдилар ва майдонда ўйинни шунчаки, «ёндиришарди». Айнан шу иккисидан илҳомланардим. Неймар ва Месси - мени катта орзу сари ундаган юлдузлар».
№ 6. Дезире Дуэ 5 ёшида «Ренн» академиясига борган. 10 ёшга тўлганидан кейин эса ўринбосарлар жамоасидан жой олган. Истеъдодларга сайқал бериш ҳадисини ўзлаштирган французлар ҳам ўсмир йигитча ўйинидан лол қолишган: «Улар менга ижодкор футболчи сифатида қарашди. Ўша вақт тўпни тез-тез ўзимда ушлаб қолардим ва бунинг ортидан дакки эшитардим. Мураббийлар мени тўғри йўлга солиш учун койишганини энди-энди тушундим».
№ 7. Дезиренинг ишлари ҳамиша силлиқ кечган эмас. Дейлик, у 11 ёшида академиядан кетишга чоғланган, чунки мураббий болакайдан ҳимояга эътибор қаратишни талаб қилган. «Ўғлим ўша вақт футболга боришни хоҳламай қолганди», - деганди отаси 1,5 йилча олдин. Яхшиямки, уни академияда қолишга кўндиришади.
№ 8. Дезире Дуэ 17 ёшида «Ренн»нинг асосий жамоасига қўшилди. 2022 йилнинг ёзида мураббий Бруно Женезьо йигитчани «Лорьян»га қарши ўйинда майдонга туширди. Яна 3та ўйиндан сўнг эса Дезире катталар футболида дебют голини урди «Брест» дарвозасига.
№ 9. Янги юлдузчанинг парвози 2022 йилнинг октябрь ойида янги босқичга кўтарилди: 17 ёш 4 ой ва 3 кунлигида еврокубоклардаги илк голини урди Киев «Динамо»сига қарши ўйинда. Дезире шу тариқа еврокубоклар тарихида гол муаллифига айланган франциялик энг ёш футболчи бўлди.
№ 10. Дезире Дуэ истеъдодини биринчи бўлиб Бруно Женезьо пайқаган бўлса-да, улар баъзан баҳслашардилар. Мураббий ёш вингерни вазиятларни ҳаддан ташқари мураккаблаштириши туфайли койирди. 2023 йилнинг апрель ойида Бруно уни «Лион» билан ўйиннинг 17-дақиқасидаёқ алмаштиради ва кескин гапиради: «Дезире жамоага ёрдам бериши керак. Фақат финтлар ҳақида ўйлашидан наф йўқ».
№ 11. Дезире тез улғайди, у иккинчи мавсумда етарлича кўп ўйнади. Тез орада Женезьо ўрнига Жюльен Стефан эгаллади ва Дуэга янада кўпроқ ишонч билдира бошлади.
№ 12. Дезире Дуэ «Ренн»да шу қадар нур сочдики, 2024 йилнинг ёзида унинг учун «Бавария» ва «ПСЖ» ўртасида кураш бошланди. Хабарларга қараганда, Венсан Компанининг шахсан ўзи Дезирега қўнғироқ қилган, Мюнхен клуби ходимлари эса ота-онаси билан алоқага чиқишган. Гап-сўзлар бир неча ҳафта давомида ҳар куни янгиланиб турди. Дуэ ўша пайт Олимпиадада Франция термаси сафида ўйнаётганди. Финалдаги мағлубиятдан кейингина йигитча «ПСЖ» фойдасига қарор қабул қилди.
№ 13. Якуний гап Дезиренинг ўзида қолганди. «Ренн» ҳар икки харидор клуб таклиф этган якуний суммага кўнди ва иккинчи «план»га сурилди. Дуэнинг айтишича, унинг танловига франциялик Уоррен Заир-Эмери ва Бредли Барколя мисоли таъсир ўтказган. Яъни уларнинг ёш бўлишларига қарамай, «ПСЖ»да мунтазам ўйнашларидан ҳайратланган. Мана, танлови тўғри бўлиб чиқди.
№ 14. Дезире Дуэ бежиз 14-рақамни танламаган. Бунда Блез Матюидига нисбатан ҳурмати яширин: «Жонкуярлик масаласида айнан Блезга ўхшашни истардим. Ҳақиқий кумирларимдан бири». Дуэ Парижда аввалига захирадан туша бошлади, тез орада Луис Энрикега ёқиб қолди ва Брэдли Барколя билан рақобатда устун келди. Айтишича, ҳатто ўзи ҳам фаолиятининг бундай ривожидан ҳайратда.
№ 15. Дезире Дуэ якунланган мавсум «ПСЖ»да салмоқли статистикага эришди - 15та гол ва 16та ассист. Жумладан, ЧЛ финалида «дубль». Дуэ - асосий еврокубок финалида гол урган энг ёш учинчи футболчи (19 ёш 11 ой 28 кунлик). Фақат Карлос Альберто («Порту») ва Патрик Клюйверт («Аякс») финалда Дуэдан ёшроқ пайт гол завқини туйишганди.
БОНУС
Французчадан сўзма-сўз таржима қилинса, Дезире «истак», Дуэ эса «истеъдодли» маъносини беради. Шундай экан, ушбу исм-фамилия эгаси қанақасига порламаслиги мумкин?
17 ёш
2022 йил 14 апрель
«Ренн» билан биринчи профессионал шартнома
2022 йил 7 август
Профессионал даражада дебют (Лига 1да «Лорьян»га қарши ўйин)
2022 йил 31 август
Профессионал даражада биринчи гол (Лига 1та «Брест» дарвозасига)
2022 йил 6 октябрь
Еврокубокларда биринчи гол (ЕЛда «Динамо» К. дарвозига)
19 ёш
2024 йил 17 август
«ПСЖ»га трансфер (50 миллион евро эвазига)
2024 йил 23 август
Лига 1да «ПСЖ» учун биринчи ўйин
2024 йил 1 сентябрь
«ПСЖ» учун биринчи ассист (Лилль» билан ўйинда)
2024 йил 18 сентябрь
ЧЛда дебют («Жирона» билан ўйинда)
2024 йил 10 декабрь
ЧЛда биринчи гол («РБ Зальцбург» дарвозасига
2025 йил 31 май
ЧЛда «дубль» ва ассист («Интер билан ўйинда)
Дезире Дуэ 3 июнь куни 20 ёшга тўлади
Содиқ СОБИР тайёрлади