«НАСАФ»
«Аждарлар» 13 июль куни ёзги йиғинни бошлашди. 18-19-июль кунлари Қаршида «Машъал» ва «Шўртан» билан назорат ўйини ўтказиш режалаштирилган. Июль ойи охирида эса Тошкентда ҳам 2та «ўртоқлик» ташкиллаштирилади. «Насаф» техник директори Ботир Қораевнинг маълум қилишича, 3та позицияга легионер жалб этилади. Яъни жамоа таянч ярим ҳимоячи, вингер ва ҳужумчи изламоқда. Айни пайт Бразилия ва европалик футболчилар номзоди ўрганиб чиқилмоқда. «Аждарлар» шунингдек, «Динамо»дан Ратиньони сотиб олишни режалаштиришганди, аммо Самарқанд клуби бразилиялик футболчини қўйиб юбормоқчи эмас. Эндиликда «Насаф» эътибори «Бунёдкор» вакили Одил Ҳамробековга қаратилмоқда. 29 ёшли футболчи яқинда Эрондан тушган таклифни рад этди. Қаршиликлар яна Қирғизистон термаси ва Эроннинг «Истиқлол» клуби ҳужумчиси Жоэль Кожога бефарқ эмаслар. 2 йил давомида «Динамо»да самарали ўйнаган футболчининг агенти Ўзбекистонда бўлиб турибди. Таъкидланишича, у «Насаф» ва «Нефтчи» билан музокара ўтказиш учун келган. Кожонинг ўзи эса «Истиқлол» билан Туркия йиғинида қатнашмоқда. Дарвоқе, «Насаф» ҳимоячиси Умар Эшмуродов яна легионерга айланиши мумкин. Унга Эрон ва Индонезия клубларидан қизиқиш бор. Эслатма, 32 ёшли Эшмуродов Малайзиядаги 1 йиллик фаолиятидан сўнг жорий мавсум бошида «Насаф»га қайтганди.
ОКМК
Мавсумнинг биринчи ярмида «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган Иброҳим Йўлдошев Олмалиқ жамоаси машғулотларига қўшилди. Кутилишича, жорий мавсум «темирйўлчилар» сафида атиги 4 марта майдонга тушган 26 ёшли ҳимоячи ОКМК билан шартнома тузади. Олдинроқ «Навбаҳор» ҳимоячиси Шаҳзод Тоиров ҳам ОКМК йиғинига жалб этилганди.
«НАВБАҲОР»
Transfermarkt порталида қайд этилишича, Наманган клуби бразилиялик марказий ҳимоячи Жулио Сезар билан келишувга эришди. «Коринтианс» тарбияланувчиси ҳисобланган футболчи фаолияти давомида «Витебск» (Беларусь), «Борнео» (Индонезия), «Верес» (Украина) ва «Утаи Тани» (Таиланд) жамоаларида тўп сурган. Кутилишича, 28 ёшли ҳимоячининг трансфери 17 июль куни расмийлаштирилади. Жулио Сезар ўтган мавсум «Утаи»нинг 25та ўйинида 1та гол урган. «Навбаҳор» шунингдек, бразилиялик яна бир футболчини ўз сафига чорламоқда - 26 ёшли вингер Деметриус. Унинг 2022 йилдан буён Грециянинг «Каллитеа» клубида тўп сураётгани маълум: 121та ўйин, 13та гол ва 14та ассист. Наманган жамоаси раҳбарияти яна мавсум олдидан «Нефтчи»га йўл олган ярим ҳимоячи Жамшид Болтабоевни ортга қайтариш борасида музокара бошлади. Беларуслик ҳимоячи Сергей Карпович эса жамоадан кетса керак. Қолаверса, ҳужумчи Пўлатхўжа Холдорхоновга «Хоразм» томонидан қизиқиш бор. Маълумот учун, трансфери 200 минг еврога баҳолаётган 22 ёшли футболчи жорий мавсум «Навбаҳор»нинг Суперлигадаги 9та ўйинида майдонга тушиб, 1та гол урди.
«НЕФТЧИ»
Виталий Левченко жамоаси 15 июль (бугун) тайёргарлик жараёнини бошлайди. Ҳозирда «Нефтчи» «Истиқлол» (Теҳрон) ҳужумчиси Жоэль Кожони ўз томонига оғдириш ҳаракатини бошлаб юборган. Ярим ҳимоячи Жамшид Болтабоев эса «Навбаҳор»га қайтиши мумкин. Дарвозабон Элдор Суюнов олдида ҳам турли вариантлар бор. Хабарларга қараганда, 34 ёшли кипер «Хоразм», ОКМК ва «Локомотив»дан таклиф олган.
«ПАХТАКОР»
Озарбайжондан қайтган ҳужумчи Бобур Абдухолиқов расман «шерлар» сафига қўшилди. Миллий жамоамиз вакили мавсумнинг биринчи ярмида «Сумгаит» шарафини ҳимоя қилиб, 14та ўйинда 4та гол ва 3та ассист қайд этганди. «Пахтакор» шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркиновни ортга қайтармоқда. Охирги 1 йил давомида БААнинг «Ал-Ваҳда» клубида тўп сурган футболчи ҳозир эркин агент мақомига эга. Эркинов вақтида «Пахтакор» учун 75та ўйинда 17та гол ва 8та самарали узатма қайд этган. Transfermarkt портали талқини бўйича айтсак, Ҳожиматнинг трансфер баҳоси 1,5 млн. еврога тенг. Асосийси, «Пахтакор»нинг икки етакчиси (Ҳожиакбар Алижонов ва Игорь Сергеев) хориж клубларидан тушган таклифларни рад этди. Жамоанинг ироқлик ҳужумкор ярим ҳимоячиси Башар Ресан эса Эронга йўл олиши мумкин. 28 ёшли легионерга мамлакат чемпиони «Тракторсози»дан қизиқиш бор. Ресан жорий мавсум 16та ўйинда 3та гол ва 8та ассист тўплашга ургурганини айтиш керак. Унинг амалдаги шартномаси йил охиригача мўлжалланган. «Пахтакор» ўз навбатида Ироқ термаси ҳимоячиси Заид Таҳсинга қизиқмоқда. 24 ёшли футболчи «Ал-Қува Ал-Жавия» аъзоси бўлиб, ўтган мавсум 35та ўйинда қатнашган (2тадан гол ва ассист). Transfermarkt портали томонидан ҳуқуқи 450 минг еврога баҳоланаётган Таҳсин 2024 йили Қатарда бўлиб ўтган U-23 тоифасидаги Осиё кубогида Ироқ олимпия жамоасига сардорлик қилганди. Ироқ терма жамоаси ва «Ал-Қува Ал-Жавия» клуби таянч ярим ҳимоячиси Сафаа Ҳадига ҳам Суперлиганинг 2та клуби жиддий қизиқмоқда. Катта эҳтимолки, улардан бири «Пахтакор». Ироқ термасининг 40та ўйинида қатнашишга улгурган 26 ёшли футболчи бунга қадар Россияда «Крилья Советов» ва Эронда «Тракторсози» клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган. «Пахтакор» ҳужумчиси Улуғбек Ҳошимов эса Суперлига иккинчи даврасини «Динамо»да бошлайди. 24 ёшли футболчи жамоага ўтган йилнинг ёзида «Сурхон»дан таклиф этилганди. Ҳужумчи жорий мавсум 5тагина ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урди. Шунингдек, ҳимоячи Абдулла Абдуллаев ҳам ҳозир «Пахтакор» билан бирга эмас. У фаолиятини Эрон ёки БАА чемпионатида давом эттирмоқчи.
«ДИНАМО»
Вадим Абрамов жамоаси кеча (14 июль) ёзги таътилдан қайтди ва Беларусь пойтахти - Минскка йўл олди. Жамоа у ерда 26 июлгача шуғулланади ва 4та ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Тожикистонлик ҳимоячи Манучеҳр Сафаров собиқ клуби - «Истиқлол» (Тожикистон)га қайтди. Тожикистон терма жамоасининг 24 ёшли аъзоси жорий мавсум «Динамо»нинг бор-йўғи 2та ўйинида қатнашди. Сафаров фаолияти давомида «Локомотив», «Нефтчи» ва «Персеполис» (Эрон)да ҳам ўйнаган. «Динамо» шунинг баробарида «Пахтакор»нинг 24 ёшли ҳужумчиси Улуғбек Ҳошимов билан шартнома тузишга яқин.
«АНДИЖОН»
Селекция ишларини фаол олиб бораётган Андижон клуби ўз сафини польшалик Кристиан Новак билан тўлдирди. 31 ёшли марказий ҳимоячи бунга қадар «Женис» (Қозоғистон)да 1,5 йил фаолият олиб борган ҳолда, 40та ўйинда майдонга тушган. Польшалик футболчи 1,5 йиллик шартнома остига имзо чекди. «Андижон» шундан сўнг украиналик дарвозабон Артём Одинцов трансферини ҳам эълон қилди. 25 ёшли кипер фаолияти давомида Украинанинг «Мункач», Венгриянинг «Кишварда» ва «Дошдор» клублари шарафини ҳимоя қилган. Одинцов билан ҳам 1,5 йиллик битим тузилди. Шунингдек, дарвозабонлар мураббийи Никита Шквирин ҳам «Андижон»да иш бошлади. Бунгача жамоа дарвозабонларини шуғуллантирган Қобил Олимжонов эса фаолиятини «Андижон» U-21 жамоасида давом эттиради. Маълумот учун, Никита Шквирин (футболимиз афсонаси Игорь Шквириннинг ўғли) дарвозабонлар мураббийи ролида 2019-2022 йиллар «Химки» (Россия) академиясида фаолият олиб борган. 2022-2024 йиллар мобайнида «Пахтакор»да ишлаган кичик Шквирин бунга қадар «Рубин» (Қозон) академиясида дарвозабонларни шуғуллантирганди. «Андижон»дан кетганлар ҳам бор. Хусусан, ярим ҳимоячи Искандар Шайқулов билан амалдаги шартнома ўзаро келишув бўйича бекор қилинди. У мавсумнинг биринчи қисмида жамоанинг жами 14та ўйинида иштирок этди. Жамоа билан олдинроқ хайрлашган россиялик 30 ёшли ҳужумчи Ислам Машуков эса «Нефтехимик» (Россия) билан шартнома тузди.
«МАШЪАЛ»
Суперлига биринчи даврасини 12-ўринда якунлаган Муборак клуби ўз қароргоҳида шуғулланмоқда. «Машъал» тайёргарлик жараёнида 3та назорат ўйинида майдонга тушади, жумладан, «Насаф»га қарши. Таркибда айрим ўзгаришлар юз берди: дарвозабон Владимир Вагин ва ярим ҳимоячи Иброҳим Нўъмонов билан хайрлашилди. Бундан ташқари, ганалик Мудасиру Салифу ҳам клубдан кетса керак.
«ҚЎҚОН-1912»
Қўқонликлар ҳам мавсумнинг иккинчи қисмига қаратилган тайёргарликни бошлашди. Баҳром Ҳайдаров шогирдлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида кунига икки маҳал шуғулланишмоқда. Ҳозирча 30 ёшли вингер Ҳусниддин Ғофуров ва 21 ёшли ярим ҳимоячи Алишер Хайруллаев «Қўқон-1912» билан хайрлашдилар.
«ШЎРТАН»
Ғузор клуби 4 нафар футболчига жавоб берди. Гап Далер Шарипов, Муродхўжа Жабборов, Сирожиддин Қўзиев ва Шаҳбоз Нуриддинов ҳақида кетмоқда. Улар билан тузилган шартнома ўзаро келишув асосида бекор қилинди.
«ХОРАЗМ»
Хоразмликлар ҳужум чизиғини «Навбаҳор»да етарли амалиёт олмаётган Пўлатхўжа Холдорхонов билан кучайтирмоқчилар. Олдинроқ Таиланднинг «Муангтонг Юнайтед» клубидан қайтган тажрибали ҳимоячи Аббос Отахонов «Хоразм»да ўйнаши айтилганди. Маълумотларга қараганда, 29 ёшли футболчи Ҳаким Фузайлов жамоаси билан келишувга эришди. Ҳимоячи ўтган мавсум Таиланд чемпионатининг 27та ўйинида 2та гол ва 1та ассистга муаллифлик қилганди. Ганалик ярим ҳимоячи Францис Нарх эса «Хоразм»дан кетади, чоғи. 31 ёшли футболчи жорий мавсум Суперлига ва Ўзбекистон кубогининг 13та ўйинида майдонга тушган бўлсада, на гол урди ва на ассист қайд этди.
«ЛОКОМОТИВ»
Пойтахт клубига янги бош мураббий тайинланди - Мирко Йеличич. Маълум муддатдан кейин «Локомотив»га қайтган австралиялик мураббий 1,5 йиллик шартнома остига имзо чекди. Шунингдек, асосий жамоанинг янги мураббийлар штаби таркиби ҳам тасдиқланди:
Ёрдамчи мураббийлар - Жамшид Саидов, Садриддин Абдуллаев
Дарвозабонлар мураббийи - Алишер Аҳмедов
«ОЛИМПИК»
Бир неча йилдан буён футболимизда самарали фаолият олиб бораётган Артём Петросян пойтахт клуби бошқарувини қўлга олди. 1980 йилда туғилган мутахассис бунга қадар «Металлург» ва «Андижон»да ишлаганди. Championat.asia сайти хабарида айтилишича эса, «Олимпик» олдида футболчилар, мураббийлар ва ходимлардан қарздорлик мавжуд. Қайд этилишича, жамоа вакиллари 2 ойдан буён маош олишмаяпти.
ФАРДУ
Бир неча йиллардан буён Бангладеш чемпионатида тўп сураётган Музаффар Музаффаров фаолиятини Про лигада давом эттириши мумкин. Кутилишича, 30 ёшли ярим ҳимоячи ФарДУ билан шартнома тузади. Музаффаров ўтган мавсум «Моҳаммадан» сафида Бангладеш чемпиони бўлганди. Тажрибали ҳимоячи Шукурали Пўлатов, ҳужумчи Риза Айвазов ва бир қатор ёш футболчилар эса ФарДУ билан хайрлашишди.