Мавсум бошида таркибини асосан ёшлар ва маҳаллий футболчилар билан тўлдирган «Навбаҳор»умумий қараганда ортда қолган ўйинларда чакки таассурот қолдирмади . Жумладан, «лочинлар» сафида 2та гол ва 8та ассист тўплашга улгурган Алишер Одилов аллақачон мухлислар ёқимтойига айланди, мутахассислар эътиборини қайта ўзига тортди. Унинг янги жамоаси муваффақиятига катта ҳисса қўшаётгани шундоқ сезилиб турибди. Хуллас, яқинда 37-рақамда тўп сураётган ўнг қанот вингери билан боғланиб, унинг Суперлига биринчи давраси якунлари бўйича таассуротларига қизиқдик.
- Алишер, суҳбатимизни Суперлига ҳақидаги умумий таассуротларингиз билан бошласак. Дейлик, «Навбаҳор» турнир экваторига қадар мавсум аввалидаги кутилмаларни қай даражада оқлади?
- Гарчи жамоамиз биринчи даврани 7-ўринда якунлаган бўлсада, турнир пешқадамлари билан ўртадаги очколар фарқи у қадар катта эмас. Шундай экан, бемалол айтишим мумкинки, ҳозирча чемпионат баҳсларида ишончли ўйнаяпмиз, натижалар ҳам яхши. Мисол учун, мавсумнинг биринчи ярмида етарлича гол урдик ва маҳсулдорлик бобида элита иштирокчилари қаторида 2-ўриндамиз. Ўйлайманки, «Навбаҳор»нинг сермаҳсул ўйинлари мухлисларга ҳам манзур тушмоқда.
- Жамоа ўйинларига жуда тез киришиб кетиш асносида етакчи футболчилардан бирига айландингиз. Шахсий статистикангиз ҳам чакки эмас. Янги муҳитда ўзингизни бирдан кўрсатишингизда нималар қўл келди?
- Аввало, барчаси Аллоҳдан. Насиб экан, шундай натижаларга эришяпмиз. Қолаверса, жамоамизда ички муҳит аъло даражада. Кўз тегмасин, «Навбаҳор»даги барча йигитлар бир-бирлари билан ака-укадай яқин бўлиб кетишди. Майдонда ўзаро тушуниб ўйин ташкиллашда қийналмаётганимизнинг асосий сабаби шу. Ўзимга келсак, биринчи даврада кўрсатган ўйинимга жуда юқори баҳо беролмайман. Назаримда, орт-да қолган учрашувларда ички имкониятларимдан атиги 40-45 фоизини ишлата олдим, холос. Худо хоҳласа, келгусида очилмаган қирраларни ҳам намойиш этишга ҳаракат қиламан.
- Охирги пайтлар бошқа жамоалардан қизиқарли таклифлар олаётганингиз ҳақида эшитяпмиз. Бу каби гап-сўзлар ҳақиқатга нечоғли яқин ва ўз режаларингиз қандай?
- Ҳа, турли таклифлар йўқ эмас. Лекин келгусида нима рўй бериши Аллоҳнинг ўзигагина аён. Ҳозир бу масалада аниқ гап айтолмайман - ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Бордию, фаолиятингизни бошқа жамоада давом эттиришга тўғри келса, «Навбаҳор»дан кетар чоғи хаёлингиздан нималар ўтиши мумкин?
- Бу саволга жавоб бериш учун аввало, шундай вазиятга тушиб кўриш керак. Зеро, ниманидир бошдан кечирмай туриб, эҳтимоий ҳиссиётлар ҳақида гапириш ноўрин. Менимча, ҳаммаси ўша пайтдаги вазият ва кайфиятга боғлиқ. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, соф виждон ҳамда ёруғ юз билан хайрлашишни хоҳлайман. Чунончи, «Навбаҳор» ва наманганлик мухлисларга ҳурматим баланд. Қолаверса, айни пайт хайрлашиш ҳақида ўйлаётганим ҳам йўқ.
- «Навбаҳор» футболчисига айлангач, клуб ҳақидаги умумий таассуротларингиз қайсидир маънода ўзгардими?
- «Навбаҳор»ни азалдан Ўзбекистоннингэнг кучли клубларидан бири сифатида билардим. Жамоага келишимнинг асосий сабабларидан бири эса - бу мухлислар армияси. Зеро, наманганликлар ўз суюклиларини ҳамиша жонкуярлик билан қўллаб-қувватлашлари ҳеч кимга сир эмас. «Лочинлар» сафига қўшилгач, бу ерда мухлислар ҳар бир футболчидан индивидуал маҳорат ҳам талаб қилишларини тушуниб етдим. Улар ҳар сафар футболчидан тўп билан чиройли муомалада бўлиши, самарадорлик кўрсатишини кутишади.
- «Навбаҳор» охирги турлар чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этиш орқали ажойиб ғалабалар сериясини қайд этди, аммо «Пахтакор»га қарши учрашувда кўп нарса ўхшамади. Сизнингча, Тошкентдаги омадсизликка айнан нима сабаб бўлди?
- Ўйлайманки, биринчи даврада ўйин бўйича ҳеч қайси топ-клубдан қолишганимиз йўқ. Айтиш жоиз бўлса, фаворитлардан яхшироқ футбол кўрсатдик баъзи ўйинларда. «Пахтакор»га қарши баҳсда эса пешонамизга мағлубият битилган экан... Ҳа, қўлдан келганича ҳаракат қилдик, лекин насиб бўлмаса, қийин, барибир. Бахтимизга рақиб бир қатор қулай вазиятлардан фойдаланолмади. Акс ҳолда, ҳисоб йириклашиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.
- Ўша ўйиндан сўнг бош мураббий Сергей Лушан сизни бироз танқид остига олгандек бўлди. Унинг айтишича, мураббийлар сиздан бошқача ўйин кутишаётган экан. Лушан айнан нимани назарда тутганини очиқлай оласизми?
- Бош мураббийимиз «Пахтакор»га қарши баҳсда ҳимояга қайтиб ўйнашим кераклигини уқтирганди. Унинг кўрсатмаларини баҳоли қудрат тўғри бажаришга уриндим. Айниқса, рақиб ҳужумга чиққан пайт орқага қайтиб, ҳимояга қўлдан келганча ёрдам бердим. Очиғи, Сергей Ивановичнинг матбуот анжуманида айтган эътирозларини ўзим ҳам тушунмадим. Биламан, мураббийларимиз ўша куни мендан кўпроғини кутишган. Зеро, улар футболни биздан яхшироқ тушунишади.
- Суперлигадаги рақобат шу даражада жиддий тус оляптики, кучли еттиликдаги жамоаларни атиги 7 очко ажратиб турибди. Қисқаси, хотиржам тортиш учун асос йўқ. Мавжуд вазият бўйича қандай фикрдасиз?
- Тўғри таъкидладингиз, бу йил ҳеч бир жамоага осон бўлаётгани йўқ. Дейлик, турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган жамоалар ҳам кучли учликдаги рақибини бемалол мағлубиятга учратяпти. Оддий айтганда, Суперлигада фаворит ва аутсайдерлар ўртасидаги фарқ кескин пасайди. Умуман, миллий чемпионатимиз йилдан-йилга кучаётганини алоҳида эътироф этиш керак.
- Кубок турнирида таркибини сезиларли даражада кучайтираётган «Сўғдиёна»га қарши сафарда баҳс олиб борасизлар. Мазкур ўйинда «Навбаҳор»нинг кейинги босқичга чиқиш имконияти нисбатан паст баҳоланмоқда...
- Тўғри, «Сўғдиёна» охирги пайтлар анча ишончли ўйин кўрсатмоқда. Лекин қайтараман, ўзбек футболида фаворит ва аутсайдер тушунчалари аҳамияти қолмади, ҳисоб. Барчаси майдонда ҳал этилади. Бўлажак ўйинга қайси томон яхши тайёргарлик кўрса ва ўз имкониятларидан тўғри фойдаланса, марра ўшаники бўлади. Ўз ўрнида мухлисларимизни ишонтириб айтаман, «Навбаҳор» ҳамиша ғалаба йўлида бор салоҳиятини ишга солади.
Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди