Қозоннинг «Рубин» клуби 9 июль куни Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматов «Истиқлол» (Теҳрон) сафига қўшилганини расман маълум қилди. Championat.com сайти мухбирлари эса дарҳол легионеримизни суҳбатга чорлаб, ундан нима Эрон чемпионатига йўл олишини тақозо этганини сўрашди. Легионеримиз интервью давомида мамлакатимиз Президенти билан учрашувни эслади, ЖЧ йўлланмаси учун совға қилинган автомобиль тақдирига ойдинлик киритди, яна ресторанда умрбод таомланиш ҳуқуқини берувчи ваучер ҳақида гапирди. Қуйида шу интервьюнинг нисбатан қисқартирилган вариантини ҳукмингизга ҳавола этамиз.
— Рустам, «Рубин»дан нега кетяпсан?
— Бошқа клубдан таклиф олдим, «Рубин» эса кетишимга қарши чиқмади - бор гап шу. Тўғриси, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳлайман - асосий сабаб шу. Аслида «Рубин»да қолсам ҳам бўларди, чунки амалда яна 1 йиллик шартномам бор эди. Лекин ЖЧга бориш учун етарли ўйин амалиёти ҳосил қилишим шарт. Ўтган мавсум ўзим кутган даражада кўп ўйнамадим. Албатта, кўпроқ ўйнашни хоҳладим ва ҳаракат қилдим, лекин бундан натижа чиқмади.
— Жамоа бош мураббийи Рашид Рахимов билан гаплашдингми?
- Ҳа, йиғинда. У жамоада қолишимга қарши эмасди. Лекин ўйин амалиёти тўплашим учун қўйиб юборишини сўрадим. Шунда мени тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ҳа, Рахимов қўл остида етарли амалиёт олмадим, лекин у фаолиятимдаги энг яхши мураббийлардан биридир. Буни ўзига ҳам айтдим.
— Хўш, Рахимов қўл остида қайси жиҳат бўйича кучайдинг?
— Майдон ва кундалик ҳаётда ўзимни қандай тутиш масаласида. Умуман, ундан кўп нарса ўргандим, жуда тажрибали мураббий.
— Олдингда «Истиқлол»га ўтишдан ташқари, бошқа вариантлар ҳам бормиди?
— Ҳа, қишда ҳам, ёзда ҳам вариантлар юзага келди. Эроннинг бошқа клуби, шунингдек, Озарбайжондан таклифлар тушди. Барчасини ўйлаб кўргач, «Истиқлол»ни танладик. Айни пайт менга Европадан қизиқиш йўқ, фақат Осиё жамоаларига чорлашди.
— Охирги воқеаларни назарда тутсак, Эронга бориш қўрқинчли эмасми?
- Умуман. Эрон чемпионатида ўзбекистонлик 3 нафар футболчи ўйнамоқда - Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов ва дарвозабон Ўткир Юсупов. Улар билан гаплашдим, ҳаммаси жойига тушганини айтишди. Ҳатто Эрондан кетган футболчилар ҳам ортга қайтишни исташяпти. Ҳа, озгина таваккалчилик бор. Ҳаммаси - Аллоҳнинг иродаси. Майли, борамиз, қандай бўлишини кўрамиз.
— Ўзи Эрон футболидан нималар кутяпсан?
— Ҳозир аниқ гап айтиш қийин. Ҳа, Эрон миллий жамоасига қарши ўйнаганмиз. Умуман, айтишларича, чемпионат савияси чакки эмас. Камера ва телевидение масаласида муаммолар бор экан, лекин футболнинг ўзи яхши ҳолатда.
— Қозонда 2,5 йил ўйнадинг, «Рубин»дан қандай ҳиссиётлар билан кетяпсан?
- 5 июлда йигитлар билан хайрлашдим, мен учун оғир кун... Лекин нима қила олардим? Бу - футбол, фаолият, ҳаёт. Қисқаси, қийин тўхтамга келдим, ўйлайманки, бардош бера оламан.
— Россия футболидаги йўлингни қандай баҳолайсан?
- Ажойиб тажриба. Кўплаб одамлар билан дўстлашдим, савияли футболчиларга қарши ўйнадим. Ёқимли бўлди, лекин футболдаги энг яхши даврни Россияда ўтказганимни айтолмайман, чунки кам ўйнадим. Шуниси аниққи, «Рубин» - фаолиятимдаги энг яхши жамоа.
- Россияда айнан нима кўпроқ ёқди?
— Ўзимга ҳам, оиламга ҳам Қозон шаҳри маъқул келди. Бу ерда яшаш ёқимли бўлди. Қозон ҳаттоки Москва фонида ҳам ажралиб туради. Агар Россияда яшаш учун шаҳар танлашимга тўғри келса, айнан Қозонни биринчи ўринга қўярдим.
— Ўзбекистон терма жамоаси илк марта ЖЧга йўллланма олди. БААдаги дурангдан кейин нималар бўлди?
- Ўша ўйинга жуда узоқ тайёргарлик кўрдик. Дейлик, бир ҳафта олдин йиғин бошлагандик. БАА термаси билан ўйиндан кейинги воқелик - бу тарих! Ахир Ўзбекистон миллий жамоаси ҳеч қачон мундиалга чиқмаганди. Ўша вақтдаги ҳис-туйғуларимни сўз билан ифодалаб беришим қийин. Ҳамма йиғлади, югурди, мухлислар билан байрам... Ўша туйғулар ҳамон мен билан бирга. Дейлик, ижтимоий тармоқларда ЖЧ чиптасини нишонлаганимиз акс этган видеони кўрганимда, дарҳол ёқимли хотиралар эсга тушади.
— Ўзбекистон ҳамон ЖЧ йўлланмасини нишонлаяптими?
— Тошкент бўйлаб айланишга чиқсак, одамлар бизни кўриб, табриклашади. 3та ҳолатда мени ресторанда текинга меҳмон қилишди. Битта муассаса эса умрбод бепул овқатланишим учун ваучер топширди! Бу жуда ёқимли.
— Терма жамоа ичида ушбу натижани қандай нишонладинглар?
— БАА термасига қарши ўйиндан сўнг дарҳол кейинги учрашув тайёргарлиги бошланди. Охирги ўйиндан кейин эса бироз байрам қилдик, мамлакат Президенти билан учрашдик, кейин клубларимизга қайтдик. Чунки ўша пайт Ўзбекистонда чемпионат давом этаётганди. Легионерлар ҳам ўз жамоаларига кетишди. Хуллас, бу воқеликни жамоа билан алоҳида нишонлаш имконияти бўлмади.
— Ўзбекистон Президенти билан учрашув сен учун нимани англатади?
- Бу жуда ёқимли. У терма жамоа ўйинига келди, ўйинимизни кузатди. Якунда майдонга тушиб, барчани алоҳида табриклади ва ЖЧда омад тилади. Мамлакатимиз раҳбари мундиалда ҳам ажойиб натижалар қайд этишимиздан умидвор.
— Президент терма жамоанинг барча футболчиларига автомобиль совға қилгани ростми?
— Ҳа. Хитойда ишлаб чиқарилган BYD. Аксарият йигитлар автомобилни ота-оналари ёки яқинларига совға қилишди. Дейлик, мен онамга бердим.
— Уни ҳайдаб кўрдингми?
— Ҳа, ўйиндан кейин 10 кунча фойдаландим. Хитойники бўлсада, жуда яхши машина.
- Россияда ҳам ўз автомобилинг бормиди?
— Ҳа, BMW M5. Албатта, уни Хитойники билан солиштириш қийин. BYD - гибрид, меники эса бензин билан юради.
— Жаҳон чемпионатидан нима кутяпсан?
- Башорат қилишни ёқтирмайман. Лекин гуруҳдан чиқиб, турнирда яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. 2 йилча аввал Мексика термаси билан 3:3 ҳисобида дуранг қайд этгандик. Яна боливияликларни 1:0 ҳисобида енгиб, АҚШ термасига 0:3 кўринишида имкониятни бой берганмиз. Ўйин бўйича эса рақиблардан кам эмасдик. Умид қиламанки, мундиалда гуруҳдан чиқиш учун курашамиз. Айни вақт Уругвай ва Аргентина термалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилмоқда.
— Охирги 2-3 йилда сендан ташқари, Аббос Файзуллаев ва Умарали Раҳмоналиев Россия чемпионатига келишди, бироқ шундан кейин ўзбекистонлик янги футболчиларни кўрмадик. Нима, Ўзбекистон футбол бозори Россия учун ёпилдими?
- Менимча, йўқ. Ҳа, шундай бўлдики, ҳозир Россияда ўзбекистонлик футболчилар кам. Лекин ўйлайманки, бизнинг йигитлар ҳали Россия клубларида кўриниш беришади. Ҳар ҳолда, РПЛ савияси баландроқ, барибир. Шундай экан, бу ўзбекистонликлар учун олдинга ташланган қадам ҳисобланади. Дейлик, кимгадир Россия ва Осиё мамлакатидан таклиф тушса, аввало, биринчи вариантни кўриб чиқади.
— Файзуллаевга турк клублари қизиқаётгани ҳақида хабарлар бор. Фикрингча, у Россияни Туркияга алмаштириши керакми?
— Аниқ жавоб беролмайман, чунки ўзи билан бу ҳақда гаплашмадим. Тўғри, Туркиядан чорлов олганини эшитдим. Агар Аббоснинг ўрнида бўлганимда, доимий ўйнаш шарти билан у ерга борардим. Бироқ Туркияда захира ўриндиғига тушиб қоладиган бўлса, Россияда ўйнашда давом этгани маъқул.
— Файзуллаев «Сити»га ўтган Ҳусанов йўлини такрорлай оладими?
- 100 фоиз! Аббос жамоавий машғулотлардан ташқари, индивидуал тарзда ҳам шуғулланади. Чунки Европага боришни хоҳлайди ва ўйлайманки, буни уддалайди ҳам.
— Ҳозир ўзбек футболининг асосий юлдузчаси ким: Аббосми ёки Абдуқодир?
- Қайсидир бирини ажратиб кўрсатолмайман, лекин Ўзбекистонда ҳар иккисини жуда яхши кўришади.
— Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га трансферини қандай қабул қилдинг?
— Ўзбекистонлик футболчининг АПЛ, хусусан, «Манчестер Сити»га йўл олгани жуда ёқимли. Асосийси, Абдуқодир бу трансфердан кейин заррача ўзгармади. Жуда камтар ва уятчан йигит. Жамоа ичида ҳаммаси зўр, лекин агар кўчага чиқса, бутунлай бошқача бўлиб қолади. Характери эса ўзгармайди.
- Ўйин нуқтаи назаридан кучайгани сезилдими?
— Албатта! Абдуқодир ҳали янада ўсади, ахир «Манчестер Сити»да ўйнаяпти. Бундай даражадаги клубдошлар даврасида бир жойда тўхтаб қололмайсан.
- Ҳусановдан ниманидир ўзлаштирдингми?
— Бир-биримизга маслаҳатлар берамиз. Албатта, ундан Гвардиола футболчиларга нима дейиши, «Манчестер Сити»нинг бошқа марказий ҳимоячилари қандай ўйнашлари ҳақида сўрадим, яна сўрайман. Чунки Англияда барчаси қандайлигига қизиқаман. Лекин Абдуқодир «Сити» ҳақида кўп гапирмайди, чунки жуда камтар.
— Ўзбекистондан бошқа чемпионатга кетиш нечоғли қийин?
— Жанубий Кореяга кетишда роса қийналгандим. Бизда агентлар йўқ эди, клублар скаутлари Ўзбекистон чемпионатини кузатишмасди. Энди эса анча осон.
- Ж.Кореяга қандай бориб қолгандинг?
- Агентлар орқали. Трансферимни «Гванжу» 145 минг еврога сотиб олди. Биринчи йили Иккинчи дивизионда ўйнадим, ўша мавсум вазифани бажариб, юқорига кўтарилдик. У ерда дастлабки икки дивизион даражаси ўртасида деярли фарқ йўқ. Фақат легионерлар сифати бўйича фарқ бордир эҳтимол...
— Корея ҳаётига мослашиш учун узоқ вақт кетмадими?
— Ҳаммаси яхши эди, лекин тил билан боғлиқ муаммолар қийнади, боз устига, хорижда илк марта ўйнадим. Кундалик ҳаётда эса ҳеч қандай қийинчилик сезилмади. Корейс тилини умуман ўрганолмадим, мураббийлар ва футболчилар билан эса инглиз тилида таржимон орқали гаплашдим. Ўша 2 йилдан кейин Ўзбекистоннинг барча топ-клублари шартнома таклиф қилди ва «Навбаҳор»ни танладим. Яна 1 йилдан ўтгач, «Рубин»га йўл олдим.
— Ҳозир 29 ёшдасан. Қачонгача ўйнашни режалаштиряпсан?
- Кучим етгунича. Эҳтимол, 35 ёки 40 ёшгача ўйнарман, буни аниқ айтолмайман. Ҳозирча фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйламаяпман, шунинг баробарида миямга футболдан кейин нима билан шуғулланиш хаёли келади гоҳида. Ўзбекистонда акам билан бирга очган футбол мактабимиз 1 йилдан буён фаолият юритмоқда. Уни ривожлантириш ва шахсий академия очиш ниятим бор.
- Кейин ўз клубингни шакллантирасан...
— Ҳа, нега йўқ дейишим керак? Ҳа, бу молиявий жиҳатдан қийин иш, лекин умид қиламанки, ҳаммасига имкон топаман.
Рустам Ашурматов ўтган ҳафта «Истиқлол» назоратида тиббий кўрикдан ўтди. Теҳрон клубининг расмий саҳифасида ёзилишича, янги бош мураббий Рикардо Сапинто ва унинг ёрдамчилари ҳам тиббий кўрикка жалб этилдилар. «Истиқлол» шундан сўнг Рустам Ашурматов билан 2 йиллик шартнома тузди. Унга 55-рақам топширилди. Олдинроқ Жалолиддин Машариповнинг жамоаси миллий жамоамиз ҳимоячиси трансфери учун «Рубин»га 450 минг евро тўлаши айтилган эди. Эътиборли томони, Рустам «Истиқлол» аъзосига айлангач, атиги 4 кун ичида унинг «Инстаграм»даги саҳифасини кузатувчилар сони яққол ошди. Охирги маълумотларга қараганда, ҳамюртларимиз «Истиқлол» билан Туркия йиғинида қатнашишмоқда.
Манба: championat.com