Жорий йилнинг 17–19 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Осиё Футбол Конфедерациясига аъзо ассоциациялар ва минтақавий ассоциациялар президентлари ҳамда бош котиблари конференцияси ўтказилади. Унда ташкилотга аъзо мамлакатлар қаторида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва бош котиб Аваз Максумов иштирок этади.
Тадбирда ФИФА Президенти Жанни Инфантино, ОФК Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа, шунингдек, ташкилотга аъзо мамлакатлар қаторида, УЕФА ва Океания Футбол Конфедерацияси вакиллари ҳам қатнашади.
“Глобал футбол экспертлари билан очиқ мулоқот ва тажриба алмашиш орқали биз ўз ассоциацияларимизга замонавий усулларни жорий этишга ёрдам берамиз. Осиё футболи янада ёрқин, барқарор ва жаҳон миқёсида намунали конфедерацияга айланмоқда”, дея қайд этган ОФК раҳбари.
Конференция доирасида икки очиқ мулоқот сессияси ҳам ўтказилади — бири аъзо ассоциациялар вакиллари билан, иккинчиси эса беш минтақавий футбол ассоциация (ASEAN, CAFA, EAFF, SAFF va WAFF) бош котиблари иштирокида бўлиб ўтади.
Ушбу анжуман ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва ягона мақсад йўлида бирликни кучайтиришни мақсад қилган. Бу, ўз навбатида, ОФКнинг дунёдаги энг илғор конфедерациялардан бирига айланиш йўлидаги қатъий ниятини яна бир бор тасдиқлайди, дейилади расмий хабарда.
Тадбир 17 октябр куни бошланади ва у ОФКнинг YouTube саҳифасида жонли эфирда намойиш этиб борилади.