Search

Шомуродов учун янги саҳифа

Элдор Шомуродов - «Истанбул Башакшеҳир» футболчиси! Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби ниҳоят, Элдор Шомуродов трансферини тасдиқлади. Олдинроқ маълум қилинганидек, жамоа ҳамюртимизни кейинчалик 2,7 млн. еврога сотиб олиш мажбурияти билан ижарага олди. Тўлов миқдори - 3 млн. евро. Терма жамоамиз сардори «Истанбул»да «2}1» шаклидаги шартнома бўйича ўйнайди. «Рома» легионеримизнинг кейинги трансферидан 10 фоиз улуш олади.

Элдор расман «Истанбул Башакшеҳир» аъзосига айлангач, ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали «Рома» билан хайрлашди: «Раҳмат, «Рома»! Хайрлашиш вақти келди — бу клуб менга унутилмас хотиралар, голлар, курашлар, мураббийлар ҳамда мухлислар билан махсус лаҳзаларни берди. «Рома» формасини кийиш шараф эди. Ҳар бир дақиқа, гол ва сабоқ учун миннатдорман. «Рома» ҳамиша юрагимда қолади. Ишонч билдирганингиз ва доимо қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур. Янги саҳифа очилмоқда, лекин бу хотиралар мен билан бир умр қолади. Ҳурмат ва муҳаббат билан Элдор Шомуродов».  Ўз навбатида Рим клуби ҳам ўз саҳифасида легионеримизга кейинги фаолиятида омад тилади. Маълумот учун, Шомуродов «Рома» сафида 85та ўйин ўтказиб, 13та гол ва 11та ассист қайд этди.

30 ёшли ҳамюртимиз аллақачон янги клубдошлари билан танишди, уларга одат бўйича қўшиқ (ўзбекча) куйлаб берди ва машғулотларни бошлаб юборди. Айтганча, «Истанбул Башакшеҳир» 13 июль куни «Герта»га қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши керак эди. Бироқ ўйин рақиб илтимосига кўра, қолдирилди. Турклар энди 17 июлда «Фортуна» (Германия) билан куч синашишади. Туркия Суперлигаси эса 10 август куни старт олади. Шомуродовнинг янги жамоаси унгача Конференциялар лигаси саралашида иштирок этади - 24 июль куни иккинчи босқич доирасида «Черно Море» (Болгария) билан ўйин. Айтганча, Элдор энди  «Башакшеҳир»да энг қимматбаҳо футболчи ҳисобланади - 5 млн. Гана терма жамоаси ҳимоячиси Жероме Опокунинг трансфер баҳоси ҳам шунча. Эътиборлиси, ўтган мавсум «Башакшеҳир» ҳужумида ўйнаган Кшиштоф Пёнтек (33та ўйин, 21та гол), Жоaо Фигуейредо (34та ўйин, 7та гол), Филиппе Кени (27та ўйин, 4та гол) ҳозир жамоада эмаслар. Жамоа эса марказий ҳужумни кучайтириш учун Шомуродовдан ташқари, яна икки футболчи билан шартнома тузди. Биринчиси - германиялик 30 ёшли Дэви Зельке «Гамбург»дан эркин агент сифатида келди (ўтган мавсум 31та ўйинда 22та гол урган ҳужумчи Бундеслига-2нинг энг яхши тўпурари бўлган). Иккинчиси - 34 ёшли Нуно да Коста «Қосимпоша»дан таклиф этилди (ўтган мавсум 29та ўйинда 13та гол урган). Шунингдек, таркибда туркиялик икки марказий ҳужумчи бор - Муҳаммад Арсланташ ва Эфечан Барлик. 

Дарвоқе, 90minutuz подкас­тининг навбатдаги сонида меҳмон бўлган Элдор Шомуродов нега айнан «Истанбул Башакшеҳир»ни танлагани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди: «Тўғриси, аввало, ёшим 30га борганини айтишим жоиз. Энди фақат футбол эмас, фаолиятим якуни ва молиявий томонларни инобатга олишим керак. БАА ва Қатардан аниқ таклифлар бор эди. Мени ўйлантирган жиҳат - бу ЖЧ-2026. Ўйлашимча, айнан Туркия чемпионати ўртамиёна даражада - БААдан кучли, Италиядан сал орқада. Бундан ташқари, «Истанбул»нинг КЛда қатнашишини инобатга олдим. Туркиянинг каттароқ жамоаларидан ҳам таклифлар тушди, фақат ёш клуб эканлиги ва инфратузилмасидан келиб чиқиб, «Истанбул»­ни танладим. Бу ерда бошқа жамоаларга нисбатан босим камроқ ва менда етарлича ўйин амалиёти бўлиши аниқ. Худо хоҳласа, жароҳатсиз ўйнаб турсак, бу ЖЧ учун яхши тайёргарлик вазифасини ўтайди. Ҳар тарафлама қулай келишувга эришдик».

Элдор Шомуродов охирги 15 йилда Туркия чемпионатига йўл олган ўзбекистонлик 9-футболчига айланди:

Дилшод Раҳматуллаев

Асрор Ғофуров

Азизулло Маҳмудов

Валижон Раҳимов 

Жаҳонгир Ўрозов

Отабек Шукуров

Азиз Турғунбоев

Ҳусниддин Алиқулов

Элдор Шомуродов

Related to this topic: