Нима ҳам дердик, ҳарқалай, бунга ўзида куч топди-ку испаниялик мутахассис. У узр сўрамаслиги ҳам мумкин эди. Чунки футзал терма жамоамиз етакчиларининг жароҳат туфайли юртимизда давом этаётган мундиалдан четда қолишгани якуний натижага салбий таъсир кўрсатганини барча яхши билиб турибди. Лекин Хосе Венансио Нидерландия термасига қарши учрашувдан сўнг дуранг натижани омадсизлик билан боғлади, Парагвай ва Коста-Рика жамоалари билан ўйинларда мўъжиза рўй беришидан умидвор бўлди. Ҳолбуки, мўъжиза ўз-ўзидан юзага чиқмайди. Мағлубиятларни фақат омадсизлик ва жароҳатлар билан изоҳлашни ҳам мутлақ ҳақиқат ўрнида қабул қилиш мумкин эмас.
Эътибор берган бўлсангиз, Сречко Катанец раҳбарлигидаги футбол миллий жамоамизга Қатарда ўтган Осиё кубогида ғалаба учун дадил ташланадиган бир қадам етишмаганди. Темур Кападзе шогирдларида ҳам Париж-2024 Олимпиадаси гуруҳ босқичида шундай ҳолат кузатилди. Энди футзалчиларимиз жон-жаҳдлари билан тўп суриб, мухлислар олқиши остида ғалаба қозонишни истай-истай, якунда мағлубият аламидан кўз ёш тўкишди. Футбол ва футзал терма жамоаларимизда катта мусобақаларда ғалаба қозониш босимидан чиқиб кетолмаслик ҳолати яққол кўзга ташланмоқда. Нима деб ўйлайсиз, ҳақиқатан ҳам, гап омадсизлик ва жароҳатлардами ёки бу ўринда бошқа бир сабаб бор? Тошкент, Бухоро ва Андижондаги футзал учрашувларини томоша қилиш асносида аксарият мухлислар етакчи жамоаларнинг тезкор ҳаракатлари, сониялар ичида вазиятни ўзгартириб юбориш маҳоратидан ёқа ушлашмоқда.
Ана, Франция ва Эрон термалари ўртасидаги учрашувнинг биринчи бўлимида деярли ҳужум уюштирилмади, ҳисоб ҳам очилмади. Ҳар икки жамоа шу тариқа ортиқча энергия сарфидан қочди. Яъни «плей-офф» баҳсларига куч сақлади. Албатта, бундай юксак даражага етиш жуда қийин. Зеро, терма жамоа даражасидаги ютуқлар хорижлик мутахассис бошқарувидаги машғулотларнинг ўзи билангина келиб қолмайди. Бутун бошли футбол ва футзал тизими тубдан ўзгармагунча соҳа мутасаддилари ҳам, мухлислар ҳам ўйинларни асабий кузатиш азобидан қутулишолмайди. Футболчиларимиз ва футзалчиларимиздаги энг катта муаммо шуки, улар ўзларининг функционал ҳолатларини йиллар давомида бир маромда ушлаб туриш, ижобий ўзгаришларга эришиш жараёнини мунтазам назорат қилишмайди. Ҳар доим фақат мавсум ва йирик турнирлар бошланишидан аввал юкламаларга зўр беришади ва охир-оқибат, зўриқишлар таъсирида аламли тарзда мағлубиятга учрашади. Жаҳонга машҳур спортчилар бундай вазиятда ўзларини мустақил бошқаришади. Қачонки, футболчиларимиз ва футзалчиларимиз ҳам шахсий функционал ҳолатларини юксак профессионаллик нуқтаи назаридан назорат қилмагунларича терма жамоаларимиз мухлислар кутган даражада ўйин намойиш этолмайди, барибир. Футзал жамоамизнинг ҳеч ким кутмаган муваффақиятсизлиги, аслида, ҳақиқий аҳвол қандайлигини кўрсатиб қўйди. Аламли мағлубиятларнинг ҳикмати ҳам шу. Ўйлаймизки, бу ҳикмат-хулоса ўз ҳолича қолиб кетмайди ва мутасаддиларни тизимли ўзгаришлар сари ундайди.
Мухлислар футзал бўйича мундиал билан параллель равишда Суперлига баҳсларини ҳам катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда. Қизғин мунозара, тортишувлар чоғи ғалати-ғалати мулоҳазалар қулоққа чалинмоқда ва уларга эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Наманганда «Насаф»га имконият бой берилгач, «Навбаҳор» бош мураббийи Сергей Лушан бор эътиборини кубок финалига қаратгани ҳақида сўзлаганди. Қарангки, «лочинлар» 19-турда «Локомотив»ни енгишди сафарда. «Динамо» ҳам 18-турда ўз майдонида «Бунёдкор»дан мағлубият қабул қилганди. 19-турда эса Тошкентда «Олимпик»ни йирик ҳисобда доғда қолдирди. «Ал-Васл»га ютқазганидан кейин мухлислар «Пахтакор» ўз анъанасига содиқ қолиб, «Металлург»ни аяб ўтирмаслигини ўйлашганди. Йўқ, Олмалиқдаги ўйин сценарийси мухлислар тахминичалик бўлмади ва Бекобод клуби барчани ҳайратга солиб, бу сафар ғалаба нашидасини сурди. Оддий айтганда, турнир жадвали ўрталаридан мустаҳкам жой олган жамоалар аутсайдер ва етакчиларга ўз симпатияларини билдиришмоқда.
Вазият шундай давом этса, кейинги турларда рақиблар жиддий тарзда «Олимпик»нинг кўкрагидан итаришади. Ҳозирги ҳолатда «Локомотив» ва «Бунёдкор»ни «Олимпик»дан атиги 3 очко ажратиб турибди. «Темирйўлчилар» ва «қалдирғочлар»га мазкур фарқни йўққа чиқаришда бошқа жамоалар ҳам ёрдамлашадигандек туюлмоқда. Бирор келишувдан холи бундай тарафкашлик таъсирида қайсидир жамоанинг тақдирига билиб-билмай ҳукм ўқилмоқда. «Олимпик» гарчи айни чоғда 21 очко билан 9-ўринда бораётган бўлса-да, 2-3 турдан кейин катта эҳтимол Про лигага тушиб кетадиганлар қаторидан жой олади. Аёнки, зимдан, киши илғамас бораётган табиий рақобат жараёнида «Навбаҳор» Суперлига бронза медалини қўлга киритиш учун курашади. «Пахтакор» очиқ-ойдин кўзга ташланмайдиган бу каби яширин рақобатни сезадими ёки йўқ - буниси бизга номаълум. Аммо «шерлар» мураббийи таркибда голеадор ҳужумчи етишмаслигидан нолийверса, жамоа бронза медалидан қуруқ қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Олимпия терма жамоаси ўзагини ўз сафига қўшиб олган «Пахтакор» бош мураббийи ҳужумчи муаммоси ҳақида сўзласа, бу ҳеч бир мантиққа сиғмайди. Бошқача айтганда, ҳали истеъфоси расман тасдиқланмаган Максим Шацких муаммони футболчилардан эмас, балки ўзидан қидиргани маъқул. Негаки, жамоа таркибида истеъдодли ёш футболчилар етарли. Ҳамма гап улардан Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов, Иван Бошкович каби фойдалана билишда.
Ютуқлар замирида бош мурабббийнинг ўрни қандайлигини «Барселона» мисолида яққол кўриш мумкин. Каталония клуби Ла Лигада қаторасига 6-ғалабага эришди, охирги турда «Вильяреал» меҳмони бўлиб, мезбонлар дарвозасига 5та гол урди. Роберт Левандовски ва Рафиньядан яна «дубль». Ибратли жиҳати шуки, «Барса» ЧЛда «Монако»дан учралган мағлубиятни мотивация ўрнида қабул қилди ва Ла Лигада навбатдаги йирик ҳисобли ғалаба учун ўзида куч топди. «Пахтакор» Суперлига чемпионлигидан умид узган бўлса, лоақал Элит ОЧЛда рақиблардан очко тортиб олиш ҳақида жиддий бош қотириши даркор. Зеро, Осиё турниридаги муваффақиятли иштирокдан нафақат жамоанинг ўзи, балки бутун футболимиз манфаатдор.
Мулоҳазаларимиз аввалида Хосе Венансио Лопеснинг узрига бежиз алоҳида урғу қаратмадик. Майли, ўтган ишга саловот. Футзалчиларимиз йўқ имконларни ишга солиб, мухлисларни қувонтириш учун астойдил тўп суришгани олқишга сазовор. Ўйлаймизки, Сречко Катанец мухлислардан испаниялик мутахассис каби узр сўрамайди, узр сўраш даражасига бормайди. Футзал бўйича ЖЧ-2024 якунига етиб, Ўзбекистон кубоги соҳиби аниқланган бир паллада Сречко Катанец шогирдлари футболимиз тарихидаги энг муҳим икки учрашувга қаратилган тайёргарликка киришишади. Агар ўша икки ўйинда бош жамоамизга ғалаба ёр бўлса, шу вақтгача чекилган изтироблар оғриғи бир қадар босилади!
Муҳаммад ВАЛИ