Бугун Максим Шацких бошқарувидаги “Андижон” клуби Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақаси доирасида Баҳрайннинг “Ал-Халдия” жамоасини қабул қилишидан хабарингиз бор.
Айни пайтда “В” гуруҳида “Ал-Халдия” иккита турдан сўнг 4 очко жамғариб пешқадам бўлиб турибди. Илк турда Қатарнинг “Ал-Аҳли” жамоаси билан 0:0 ўйнаган бўлса, иккинчи турда Туркманистоннинг “Аркадағ” клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
“Ал-Халдия”га 2020 йилда асос солинган. Клуб уй ўйинларини ўз бағрига 30000 томошабинни сиғдира оладиган “Баҳрайн миллий” стадионида ўтказади.
Бу жамоа ўтган йили Баҳрайн қирол Кубоги соҳибига айланган бўлса, ундан аввал кетма-кет икки йил давомида Баҳрайн чемпиони бўлган. Умуман олганда, “Ал-Халдия” ҳисобида 5та соврин бор. Икки марта қирол Кубоги соҳиби, икки марта мамлакат чемпионлиги ва бир марта Суперкубокни қўлга киритган. Клуб 2021 йилдан бери соврин ютиб келмоқда.
“Ал-Халдия” Андижонга сафари олдидан миллий чемпионатнинг 5-тур доирасида “Баҳрайн СК” жамоасини қабул қилди ва 4:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди. Ҳозирги пайтда 5та ўйинда 3 ғалаба ва 2 мағлубият қайд этиб, 9 очко билан 5-ўринда бормоқда.
Клубни маҳаллий 44 ёшли мутахассис Али Ашур бошқариб бормоқда.
Шунингдек, жамоада легионерларга кўп эътибор қаратишади. Жумладан бугунги кунда клубда 13 нафар хорижлик футболчилар тўп суришмоқда. “Ал-Халдия”нинг энг қиммат футболчиси марокашлик легионерлардан бири - 31 ёшли ҳимоячи Аюб Эл Амлуд бўлиб, унинг трансфермарктдаги нархи 800 минг еврони ташкил қилади. У шу йилнинг август ойида жамоага қўшилган.
Шу йилнинг ёзида “Сўғдиёна”га қўшилган, мухлисларимизга таниш бўлган сербиялик ҳимоячи Филип Иванович ярим мавсум “Ал-Халдия” шарафини ҳимоя қилган.
Эслатиб ўтамиз, “Андижон” - “Ал-Халдия” учрашуви бугун “Бобур арена”да соат 18:45 да бошланади.