Сречко Катанец саломатлиги туфайли ишдан кетгач, миллий жамоамиз муҳитида мавҳум вазият ҳукм сурган ва ўша оғир вазиятда футболимиз мутасаддиларига осон тутиб бўлмасди. Чунончи, олдинда Эрон ва БАА термаларига қарши сафар ўйинлари кутиб турганди. Боз устига, Қатар терма жамоасига қарши сафардаги аламли мағлубиятдан сўнг барча хавотирга ҳам тушиб қолганди: «Эрон ва БАА термалари билан учрашувларда мағлубият қайд этилса, нима бўлади?» Бу савол босимига бардош бериш ниҳоятда қийин эди. Агар ўша вазиятда терма жамоамизни бошқаришга бирор хорижлик мураббий таклиф этилганида, у дарҳол ижобий жавоб берарди назаримизда. Зеро, хорижлик мутахассисларни футболимиз муҳитидаги кайфият, ўзбек менталитети у қадар қизиқтиравермайди. Легионер мутахассис икки томонлама шартнома тузади ва ишга киришади. Албатта, у ўз миссиясини ҳалол ва холис бажаришга интилади. Мабодо белгиланган вазифани бажаролмаса, узр сўрайди ва ўз юртига қайтиб кетаверади.
Футболимиз мутасаддилари айни шу жиҳатларни яхши билишгани учун ҳам хорижлик мутахассис вариантини ўйлаб кўришмади. Улар шунчаки, Темур Кападзега ишонч билдиришди. Очиғи, ўша оғир ҳолатда Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Равшан Ҳайдаров каби мураббийлар ҳам миллий жамоамизни бошқаришга жазм қилишолмасди катта эҳтимол. Фақат Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритиб, ўзига ишончи ортган Темур Кападзегина вазифани ўз зиммасига олишдан чўчимасди. Охир-оқибат, миллий жамоамиз бошқаруви Кападзега топширилди. Бош жамоамиз унинг раҳбарлигида жуда мураккаб 3та расмий ўйинда майдонга тушди. Айниқса, БАА термасига қарши кечган учрашувдаги воқеалар ривожи, Ўткир Юсупов дарвозаси олдида юзага келган хавфли вазиятлар ва голга айланиши аниқдек туюлган қалтис зарбалар мухлисларимиз қатори мутахассисларимизни ҳам «шок»ка тушириб қўйди. Ҳолбуки, бош жамоамиз ўша учрашувда ҳам одатдагидек 3 нафар марказий ҳимоячи билан тўп сурди.
Эсланг, охирги лаҳзада Ўткир Юсупов Парвардигорнинг бемисл қўллаб-қувватлови билан зарбани қайтармаганида, аҳволимиз не кечарди? Ҳозир бу саволга ҳар ким ўзича жавоб бераверади. Бироқ ўша охирги зарба гол билан тугаганида, Қатар термаси «Бунёдкор» стадионидаги охирги учрашувда ғалаба учун бор имкониятларини ишга соларди, БАА жамоасини қўллаб-қувватлашга уринарди. Хайриятки, кўпчиликнинг дуоси ижобати, хусусан, онасининг илтижолари ўлароқ, Ўткир Юсупов бош жамоамиз дарвозасини голдан асради. Воқеаларнинг ўта таҳликали ривожидан сўнг Темур Кападзе нималар ҳақида ўйлагани фақат ўзига маълум. У бир лаҳза «Тинчгина юраверсанг бўлмасмиди, нима қилардинг оғир юкни зиммангга олиб?» - дея ўзини койиган бўлиши ҳам мумкин. Энди буларнинг барчаси тарих. Бугун барчамиз келажак ҳақида ўйламоқдамиз. Миллий жамоамизнинг ёруғ келажаги эса янги бош мураббийи билан кўзимизга кўринмоқда! Хўш, улуғвор орзулар ушалганидан сўнг Темур Кападзени алмаштириш тўғрими? Бундай ёндашув бемисл таваккални ўз зиммасига дадил олган ёш мураббий учун ноҳақлик эмасми? Фикримизча, футболимиз мутасаддилари яна бир оғир саволга жўяли жавоб излашмоқда. Сречко Катанец кетгач, улар танлаган қарор тўғри бўлиб чиқди, ўзини оқлади. Мундиал йўлланмаси қўлга киритилгандан кейин юзага чиққан саволга қандай жавоб қайтаришлари ва бу қай даражада ишончли бўлиши эса мавҳум...
Ижтимоий тармоқларда миллий жамоамизни Йоахим Лёв бошқариши билан боғлиқ тахминлар тарқалгач, турли мулоҳазаю, саволлар кўпчиликнинг онг-у шуурини банд этгани тайин. Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: бош жамоамизда мураббий ўзгариши керакми? Мундиал босими ва футболимиз муҳитида ҳамон нейпотизм иллатлари мавжудлигини ҳисобга олсак, термамизда бош мураббий ўзгаргани маъқул! Темур Кападзе Олимпиада босимини бутун вужуди билан ҳис қилди ва ёшлик ғайрати-иродаси билан мағлубиятлардан кейинги руҳий тушкунликни енгишга куч топди. Миллий жамоамиз ЖЧ-2026 гуруҳ босқичини қандай ўтказиши борасида эса бирор мухлис ёки мутахассис олдиндан жўяли тахмин билдиролмайди. Негаки, Сречко Катанец йўлга қўйган уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш услуби кучли рақибларга қарши учрашувларда ўзини оқламади, барибир. Хўш, Темур Кападзе Қатар термасига қарши сурурбахш баҳсда танлаган жозибадор услуб мундиал босими ва талабига мос келадими? Бу саволга ҳам бирор мухлис ёки мутахассис тузук-қуруқ жавоб қайтаролмайди. Кўриниб турибдики, вакилларимиз ўзлари кўниккан ҳар икки услубда ҳам кучли рақибларга қарши савияли ва сифатли футбол намойиш этишлари даргумон. Ҳар ҳолда, бу масалада ҳозир оқилона мулоҳаза билдириш мушкул.
3 нафар марказий ҳимоячи билан ҳам кучли рақиб ҳужумини қайтаришда қийналганимиз қай даражада ачинарли бўлса, эйфория таъсирида жозибадор услубга таяниб, 5-6та гол қўйиб юбориш ҳеч гап эмас. Вадим Абрамов буни Австралия термасига қарши баҳсда синаб кўрган ҳам. Бошқача айтганда, бош жамоамиз ҳужумкор услубда тўп сурса, рақибнинг тезкор қарши ҳамласини ўтказиб юбориши кўп бора амалда кузатилган. Хуллас, жамоамиз муҳитида яна мавҳумлик. Вазият на уёқлик, на буёқлик. Шундай вазиятда бошқарувни Йоахим Лёвга топшириш мақсадга мувофиқми? Бу саволга жавоб беришдан аввал Эктор Купер ва Сречко Катанецнинг бош жамоамиздаги фаолияти ҳақида ўйлаб кўрайлик. Оҳанги қўполроқ бўлса ҳам айтаверайлик, нимасини яширамиз, миллий жамоамизни шу пайтгача бозори ўтган икки хорижлик мураббий бошқарди. Уларнинг бири истеъфога чиқарилган бўлса, иккинчиси саломатлиги сабаб фаолиятини давом эттиролмади. Энди яна бозори ўтган мураббий билан боғлиқ овозалар тарқамоқда.
Овозалар қай даражада ҳақиқатга яқин - буниси номаълум. Шуниси борки, Йоахим Лёв тилга олинса, 2006-2016 йиллар оралиғида Германия термасини шон-шуҳратга буркаган ажойиб ва изланувчан мутахассис эмас, балки ЖЧ-2018дан сўнг бундестимни қийин аҳволга солиб қўйган, замонавий футболдан орқада қолган мураббийни кўз олдимизга келтиришимиз лозим. 2018-2021 йиллар Германия термасини омадсизликлар гирдобига туширган Лёв вақтида Россия бош жамоасини муваффақиятсиз бошқарган Фабио Капелло, бизни Осиё кубогида совринли ўринларга олиб чиқолмаган Эктор Купер ёки Сречко Катанец ҳолатидадир. 2020 йилнинг кузида «қизил фурия» Европа Миллатлар лигаси доирасида бундестимни шармандали 6:0 ҳисобида енгганида, бутун немис футболи талвасага тушган ва Лёв истеъфосини истаганди. Тарихи шон-шарафга тўлиқ немис футболи бу каби уятли мағлубиятни кўтаролмаганди ўшанда ва ўз вақтида изланувчан, омадли мураббий сифатида танилган, кейин эса муваффақиятсизликлар исканжасидан чиқишга йўл тополмаган Йоахим Лёвдан истеъфо сўраганди.
Овозаларга қараганда, миллий жамоамиз тақдирини шу бозори ўтган мураббий қўлига топшириш режалаштирилмоқда. Эскирган ва табиий равишда юриши секинлашган машина яна катта тезлик олишига ишониш эмасми бу? Қариган ва кучдан қолган арслон ёш ҳамда олғир бўрига бас келиши қай даражада қийин бўлса, Йоахим Лёвнинг миллий жамоамиз муҳитига мундиал талаблари даражасидаги футболни олиб кириши шу қадар шубҳали. Мабодо у жамоамизни бошқарса-ю, мундиалга қадар ўтказиладиган расмий ўртоқлик учрашувларида муваффақиятсизликка учраса, яна «Қайдасан, Темур Кападзе?» деган савол ўртага ташланмайдими? Ҳа, миллий жамоамизда бош мураббий ўзгариши тарафдоримиз! Фақат тайинланажак бош мураббий Эктор Купер, Сречко Катанец ёки Йоахим Лёв каби бозори ўтган мутахассис бўлмасин. Инкор этмаймиз, футболимиз муҳитида Эктор Куперни астойдил қўллаб-қувватлаган мутахассислар, Сречко Катанецнинг кетишини истамаган футболчилар ёки Йоахим Лёв тажрибасига ишонадиган мухлислар анчагина. Барчага маълум ҳақиқат шуки, аввалги тажриба ва ғалабалар эмас, аксинча, янгиликка ўчлик, таваккалга асосланган изланишлар миллий жамоамизни муваффақиятлар сари олиб боради!
Муҳаммад ВАЛИ