Хулқ-атвор қоидаларининг иккита бандини бузганликда айбдор деб топилган "Барселона" бош мураббийи Ханс-Дитер Флик УEФА томонидан жазоланди. Қоидабузарликларга Чемпионлар лигасининг "Интер"га қарши ярим финал жавоб учрашувида йўл қўйилган. Ўшанда каталонияликлар қўшимча бўлимда 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган ва кейинги босқичга чиқа олмаганди. Хуллас немис мутахассиси бир ўйинга дисквалификация қилинди ва 20 минг евро жаримага тортилди. Худди шундай жазони унинг ёрдамчиси Маркус Зорг ҳам олган.
Шу тариқа, Ханс-Дитер Флик Чемпионлар лигасининг 2025/2026 йилги мавсуми умумий босқичининг 1-тур учрашувида техник зонада бўла олмайди.