Охирги бир неча кун давомида энг нуфузли инсайдерлар Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби ҳужумчиси Уго Экитикега нисбатан кучли қизиқиш ҳақида тинмай хабар беришди. Жумладан, Эдвардс ва Фабрицио Романо «Ньюкасл»нинг жиддий эътибори ҳақида ёзишди. Бироқ «қарғалар» ягона даъвогар эмасдилар. Ҳар ҳолда, «Ливерпуль», «Арсенал», «Челси» ва «МЮ» клублари ҳам Уго трансфери устида иш олиб боришди. Ушбу клубларнинг барчаси фаол равишда ҳужумни кучайтириш вариантларини излаётган ва франциялик футболчига бош номзодлардан бири сифатида қараётганди. Якунда истиқболли ҳужумчи «Ливерпул»ни танлади. Дарвин Нуньеснинг заиф ўйини, Диогу Жотанинг фожиаси ва Луис Диаснинг кетгани фонида Экитике «қизиллар» учун идеал вариантдир, балки. Ҳар ҳолда, у Арне Слотнинг мураккаб фалсафасига мос келади. Нидерландиялик мутахассис ҳужумчидан универсаллик талаб қилади. Ҳа, «Ливерпуль» учун Исак варианти устувор , барибир. Уго номзоди эса нарх, потенциал ва имкониятнинг оптимал мувозанатидир. Хўш, Экитике атрофида бирдан «шовқин» кўтарилгани сабаби нима? У чиндан ҳам, шунча эътиборга лойиқми? Sports.ru сайти ижодкорлари айни саволларга жавоб излаб кўришди.
Уго Экитике ким ўзи?
Уго 23 ёшда, бўйи 190 сантиметрга тенг ҳужумчи «Реймс» клуби тарбияланувчиси саналади. У 2021|22 йиллар мавсуми Лига 1нинг 24та ўйинида 10та гол ва 4та самарали узатма қайд этиб, топ-клублар эътиборини ўзига тортди. Шу тариқа Уго 2022 йилнинг ёзида ижара келишуви асосида «ПСЖ» сафига қўшилди. Парижликлар кейинчалик шартлашув бўйича унинг трансферини 28,5 миллион еврога сотиб олишди. Экитике мавсум-2022|2023да Лига 1 ўйинларида жами 1155 дақиқа ҳаракатланиб, 3та гол ва 4та ассист муаллифига айланди. Бир қарашда, ҳаммаси тўғри ривожланаётгандек эди, бироқ бошқарув Луис Энрике қўлига ўтгач, ёш ҳужумчи деярли амалиётсиз қолди - атиги 8 дақиқа. Қишки бозор очилиши билан эса Париж гранди Угони «Айнтрахт»га юборди - ижара. Футболчи Германия клубидаги 6 ойда чакки кўринмади ва «Гол+пас» тизими бўйича 6 балл (4та гол ва 2та ассист) тўплади. Шундан сўнг немислар футболчи трансферини тўлиқ сотиб олиш бандини фаоллаштириб, Экитике билан тўлақонли шартнома тузишди. Франциялик ҳужумчи бунга жавобан биринчи тўлиқ мавсумидаёқ самарадорликни кескин оширди - Бундеслигада 15та гол ва 8та ассист (барча турнирлар ҳисобидан 22та гол ва 12та самарали узатма). Жуда зўр натижа.
Ўйин услуби
Экитике бўйи баландлигига қарамай, одатий «симёғоч» ҳужумчилар тоифасидан эмас. Техник салоҳияти анча баланд, абжир, дриблинг ишлатишни яхши кўради ва тўп билан ўйнашда ўта фаол. Бир қарашда, Угонинг ўйин услубида Александер Исакка хос элементлар бор. Мураккаб, лекин замонавий футболчи. Ҳар ҳолда, Экитике ҳужумларга нуқта қўйиш баробарида олдинги чизиқ ҳаракатларини боғловчи элемент ролини бажариши ҳам мумкин. Хуллас, Экитеке янги авлодга мансуб техник, чаққон ва креатив ҳужумчидир. Асосий устун жиҳатлари - дриблинг, вазиятлар яратиш, фаол ҳаракат ва прессинг. Тўғри, ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Дейлик, жисмоний ҳолати ва имкониятлардан фойдаланиш коэффициенти пастроқ. АПЛ учун эса ҳар икки жиҳатни яхшилаши шарт.
«Ливерпуль» Уго Экитике трансфери учун «Айнтрахт»га 90+5 миллион евро тўлайди. 23 ёшли ҳужумчи эса АПЛ клуби билан бирданига 6 йиллик шартнома тузди. Экитике шу тариқа футбол тарихидаги трансфер қиймати энг баланд францияликлар орасида 6-ўринга кўтарилди. Фақат Килиан Мбаппе («ПСЖ», 180 млн. евро), Усмон Дембеле («Барселона», 135 млн. евро), Антуан Гризманн («Барселона», 120 млн. евро), Поль Погба («МЮ», 105 млн. евро) ва Рандаль Коло-Муани («ПСЖ», 95 млн. евро) учун кўпроқ пул тўланган. «Ливерпул»нинг янги аъзоси трансфери 80 млн. еврога тушган Уэсли Фофана, Орельен Тчуамени ва Люка Эрнандесни ортда қолдирди. Вақтида «Реал» томонидан 77,5 млн. еврога сотиб олинган буюк Зайниддин Зидан ҳам энди Экитикедан орқада.
Fbref маълумотларига қарасак, Экитике бир қатор кўрсаткичлар бўйича Европадаги энг илғор ҳужумчилардан биридир. Мана, ҳар 90 дақиқага тўғри келадиган ўртача статистик кўрсаткичларига қаранг:
Узатма билан ўйнаш бўйича даража: +А
Ассист: 0,29 (кучли 5та лига ва ЧЛда энг яхши 10 фоиз ҳужумчи қаторида)
Эҳтимолий ассист (хА): 0,19 (энг яхши 7 фоиз ҳужумчи қаторида)
Кескин узатма: 1,6 (энг яхши 5 фоиз ҳужумчи қаторида)
Жами узатма: 22,9 (энг яхши 25 фоиз ҳужумчи қаторида)
Вазият яратиш бўйича даража: +А
Зарбага олиб чиқувчи ҳаракат: 3,5 (энг яхши 6 фоиз ҳужумчи қаторида)
Голга элтувчи ҳаракат: 0,53 (энг яхши 11 фоиз ҳужумчи қаторида)
Тўп билан юриш, дриблинг, олдинга силжиш бўйича даража: +А
Тўпга тегиниш: 37,39 (энг яхши 15 фоиз ҳужумчи қаторида)
Алдаб ўтиш: 1,9 (энг яхши 4 фоиз ҳужумчи қаторида)
Олдинга юриш: 22,71 (энг яхши 8 фоиз ҳужумчи қаторида)
Зарбага олиб чиқувчи дриблинг: 0,45 (энг яхши 6 фоиз ҳужумчи қаторида)
Голга элтувчи дриблинг: 0,11 (энг яхши 6 фоиз ҳужумчи қаторида)
Прессинг ва ҳимояланиш бўйича даража: -В
Тўпни олиб қўйиш: 0,61 (ўртача савия)
Узатмани кесиб қўйиш: 0,35 (энг яхши 14 фоиз ҳужумчи қаторида)
Зарба ва ҳужумни якунлаш бўйича даража: -В
Зарба: 3,74 (энг яхши 7 фоиз ҳужумчи қаторида)
Аниқ зарба: 1,49 (энг яхши 8 фоиз ҳужумчи қаторида)
Умумий даража: А
А.АҲМЕДОВ тайёрлади