ПФЛ эълон қилган статистик маълумотлар кишини ўйлашга ундайди. Миллий жамоамиз ЖЧга чиқиш миссиясини уддалаган, ёшлар ва ўсмирлардан тузилган термаларимиз Осиё ҳамда жаҳон миқёсида муваффақият қозонаётган бир вақтда ички чемпионатимизга нисбатан қизиқиш кутилган даражада эмас. Бу эса шунча меҳнат ва ютуқлар фонида кишини ўйга солади.
Қайсидир маънода бу ҳақиқат - оғриқли нуқта. Миллий чемпионат ўйинларида стадионларнинг ўртача тўлиши умумий сиғимнинг атиги 35 фоизига тенг. Таққослаш учун, АПЛнинг аксарият клубларида ушбу кўрсаткич 90 фоиздан баланд.
Албатта, айрим жамоалар ҳозир ўз стадионида ўйнамаётгани - айни ҳақиқат. Бу клублар ўз уйларига қайтса, мухлислар сони ошиши, стадионлардаги умумий муҳит яхшиланиши табиий ҳол. Бироқ энг замонавий ва қулай шароитларга эга «Бунёдкор» стадионида ҳам мухлислар сони пастлиги (тўлиш даражаси - атиги 3,44 фоиз) — чиндан ҳам аянчли ҳолат. Шу ўринда «Динамо» клуби натижаси алоҳида эътирофга лойиқ: ўртача 11166 мухлис, стадион тўлиши даражаси - 80,91 фоиз. Бу мамлакат чемпионатида энг яхши кўрсаткич бўлиб, салбий манзаралар ичида ижобий мисол ўлароқ ажралиб турибди. Демакки, масала жой ёки шароитда эмас.
Тан олишимиз керак, бизда яхши чемпионат бор, рақобат бор, эҳтирос ва драмалар етарли. Лекин нима етишмаяпти? Мухлислар қайтиши учун яна қандай чораларни кўриш лозим? Келинг, энди мухлисларни стадионларга қайтариши мумкин бўлган асосий йўналишлар юзасидан гаплашамиз.
Натижа. Бизда клубнинг натижаси мухлислар ташрифини белгилайдиган очиқ-ойдин омиллардан бири сифатида қабул қилинади. Ҳаммаси мантиқан тўғри кўринади: жамоа қанчалик яхши ўйнаса, стадионда мухлислар сони шунча кўпаяди. Ёки аксинча. Бироқ амалиёт шундан далолат берадики, жамоанинг ўйин даражаси ва стадионни тўлиш фоизи ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд эмас.
Жадвалда кўриб турганимиздек, жамоа натижаси ва стадион тўлиши ўртасида доимий ва барқарор боғлиқлик йўқ. Бу боғлиқлик асосан аутсайдер клублар мисолида кузатилади ва кўпроқ салбий тенденцияни акс эттиради — жамоа ютқазса, одамлар стадионга келмай қўйишади. Бироқ шу каби ҳолатни ижобий контекстда шакллантириш имконсиздир. Яъни яхши натижалар билан стадионни тўлдириш имконсиз. Масалан, «Насаф» чемпионатда етакчи, бироқ стадионга мухлис тўплаш бўйича 5-ўринда. Бу борадаги етакчи - «Навбаҳор» эса айни пайт турнир жадвалининг атиги 7-поғонасида турибди. «Пахтакор»ни олайлик, мамлакат чемпионлигини энг кўп қўлга киритган клубнинг ютуқлари ҳар доим ҳам мухлислар сонида ўз ифодасини топаётгани йўқ. Жамоа чемпион бўлишда муаммо билмасада, стадионда доимий равишда 5-10 минг мухлис тўплаш борасида қийналгани- (ёки шунчаки, бундай мақсад қўйилмаган)ни кўп кузатганмиз.
Ўйин вақти ва об-ҳаво. Бугунги кунда Суперлигамиз доирасидаги аксарият уйинлар об-ҳаво ва вақт нуқтаи назаридан стадионда бевосита томоша қилиш учун қулай. На ёмғир, на совуқ жиддий тўсиқ бўлади, асосийси, ўйинлар вақти кўпчилик учун маъқул, менимча. Яқин ўтмишга назар ташласак, тахминан 7-8 йил олдин чемпионатнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга муҳим ўйинлари ҳам шанба-якшанба эмас, балки иш кунлари, боз устига, соат 15:00 ёки 16:00да бошланганини кўрамиз. Шу манзарадан кўнглим хира тортарди: ахир энг муҳим ўйинлар, мухлис стадионга тушишни хоҳласа ҳам, ишдан чиқолмайди, қулайлик йўқ. Бу ҳолатнинг сабаби оддий эди: кўп стадионларда ёритиш тизими талаб даражасида ишлашига эътибор қаратилмасди. Оддий айтганда, кечки пайтга ўйин қўйиб бўлмасди. Бундан ташқари, ноябрда ҳаво совуб кетиши туфайли кечки ўйинлар қийинчилик туғдирарди.
Лекин савол туғилади: шундай шароитда ҳам футбол томошабоп бўладими? Жавоб — албатта, бўлади! Бунга 2 йил олдинги воқеа яққол мисол: ОКМК — «Ал-Иттиҳод» учрашуви иш куни бўлган ва кечки соат 21:00да бошланган, ҳаво ҳарорати эса бор-йўғи 13 даража эди. Қарангки, шундай «ноқулай» шароитда ҳам стадион мухлислар билан тўлган, жамоа ўз тарихидаги энг кучли қўллаб-қувватловни олган. Бу нима дегани? Демак, мухлисга шарт-шароитдан ташқари, бошқа бир мотивация керак. Албатта, ОЧЛ ва миллий чемпионатимизни ўзаро солиштириш нотўғри. Халқаро турнир — бошқа даража, бошқа тоифа. Лекин айтмоқчи бўлганим бу эмас. Гап шундаки, одамлар футболга бефарқ қарашмайди. Бу — факт. Кучли атмосфера, жозибадор манзара, мазмунли ташкилий ишлар бор жойда мухлис стадионга талпинаверади. Шундай экан, масала ОЧЛда эмас, балки миллий чемпионат ўйинларини ҳам қандай қилиб «кўришга арзийдиган воқеа»га айлантиришда.
Чипта арзон, лекин стадион бўш, демак, гап нархда эмас. Чипта баҳоси клуб учун мухлисларни стадионга жалб қилишда таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири, албатта. Лекин Ўзбекистон чемпионати мисолида бу нарсани асосий тўсиқ ўрнида тилга олиш ноўрин. Аксар ҳолларда чипта анча арзон, ҳатто умуман текинга тарқатилади баъзан. Аммо бунинг ўзи билан стадион тўлмаяпти — яна бир ачинарли ҳолат. Агар футболимизни маҳсулот сифатида олсак, бу ҳолат унга харидор йўқлиги, яъни сотилмаётганини англатади. Яъни гап нархда ҳам эмас. Мухлисга футболни сотиш учун фақат чиптани арзонлаштириш кифоя қилмайди. У стадионга келиши учун бошқа омиллар керак.
Сардор ЖЎРАЕВ