«Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинлангани ҳамон кенг муҳокама марказида. Ҳатто, хорижда ҳам. Айниқса, Россия матбуотида бу мавзу бот-бот кўтарилмоқда.
***
Италиялик журналист Артуро Леончи фикрича, Каннаваро катта имкониятга эга бўлди. У шунингдек, ЖЧда Италия ва Ўзбекистон термалари ўзаро тўқнаш келишига умид билдирди: «Менимча, бу - Каннаваро учун орзудаги иш. Ахир Фабио тўғридан-тўғри ЖЧга боради, саралашсиз. Асосийси, Осиёда ишлаш тажрибаси бор, яна йирик мусобақалар бўйича улкан кўникмага эга. Унга омад! ЖЧда Италия ва Ўзбекистон термалари тўқнаш келишини исстардим. Каннаваро — Гаттузо! Оҳ, қандай ажойиб дуэль!»
***
Россиялик таниқли шарҳловчи Константин Генич эса Фабио Каннаваро тайинлови ҳақида салбий фикрда. «Нега мураббий алмаштирилди, тушунмаяпман? Фабио Каннаваро нега керак? Яна жаҳон чемпионати олдидан. Фабио Каннаваро бўлгани ва «Олтин тўп» соҳиби эканлиги учунми? Биламан, Каннаваро Хитойда фаолият юритган, аммо унда Ўзбекистон термасини тарихдаги илк жаҳон чемпионатига бошлаб бориши учун етарли даражада катта ютуқлари йўқ», — деди Генич «Лови Генича» дастурида.
***
Россиялик таниқли мураббий Юрий Сёминнинг айтишича, Фабио Каннаварода Ўзбекистон термаси ўйинига янгилик олиб кириш салоҳияти етарли: «Каннаваро вақтида «Олтин тўп»ни қўлга киритган, жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида ҳам тан олинган. Демак, унда Ўзбекистон термаси билан мундиалга бориши ва футбол ривожига янгилик олиб кириши учун салоҳияти етарли».
***
Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Валерий Непомняший асосан Темур Кападзега ачинаётган кўринади. «Аввало, айтишим керак, Темур Кападзени яхши биламан. Ўзбекистонда ишлаганимда, у қўл остимда ўйнаган. Яхши йигит, мураббий сифатида ҳам ўзини кўрсатди. Адашмасам, сўнгги 3-4та ўйинда Ўзбекистон термасини айнан Кападзе бошқарди. Қисқаси, у термага Каннаварога нисбатан мосроқ эди. Кападзенинг мураббийлар штабида қолиши ҳам нотўғри қарор, менимча» - бу 2006 йили Ўзбекистон термасида фаолият юритган Непомняшийнинг фикри.
***
Россия терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Александр Мостовойнинг хулосасига кўра, Каннаваронинг таклиф этилганини стратегик қарор сифатида баҳолаш мумкин: «Фабио - жаҳон футболи юзи. Реклама - уни фақат шунинг учун Ўзбекистон термасида кўришни хоҳлашди. Бу нормал ҳолат ва тўғри қарор. Дейлик, 10 йилча олдин «Олтин тўп» соҳибининг Ўзбекистон миллий жамоасида ишлашини ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмасди. Жамоанинг ЖЧга чиққани ва Каннаваро билан ҳамкорлик қилаётгани - фантастик натижа».