Search

Ўзбекистон аёллар термаси Осиё грандларига рақобат туғдира оладими?

Жорий йилнинг июль ойида Тошкентда 20 йилдан ортиқ кутилган воқелик рўй берди: Ўзбекистон аёллар терма жамоаси узоқ танаффусдан кейин ниҳоят, яна Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Котрина Кулбите бошқарувидаги жамоа Непал термасини пенальтилар сериясида енгиш асносида келаси йил бўладиган қитъа кубогида ўйнаш ҳуқуқини расмийлаштирди. Энди эса битта савол бор: Ўзбекистон термасида Осиё грандларини қувиш учун куч етарлими? vg-news.ru сайти яқинда Ўзбекистон аёллар футболи ҳақида алоҳида мақола эълон қилиб, шу саволга жавоб қидирди.

Ҳаммасини ўзгартирган литвалик хоним

Котрина Кулбите Тошкентга 2025 йилнинг январь ойида келди. УЕФА мураббийлик лицензиясига эга хоним бунга қадар Литва аёллар термасида ишлаганди. Тайинлов вақти кўпчилик ундан шунчалик тезкор натижа кутмаганди, албатта. Зеро, Ўзбекистон термаси йиллар давомида саралаш чиғириғидан ўтолмай келганди. Қолаверса, муаммолар етарли эди — ҳам ўйин, ҳам руҳият бўйича. Хуллас, барчасини бир чеккадан ўзгартириш талаб этиларди. Литвалик мураббий эса дарҳол ишга жиддий киришди ва ярим йил ичида ҳар қандай рақибга рақобат тақдим эта оладиган жамоа тузишни уддалади. «Биз ўйинни жуда яхши бошладик ва ўз салоҳиятимизни кўрсатдик», — деганди Кулбите Непал термасига қарши кечган ўша ҳал қилувчи учрашувдан кейин. Айтиш керак, Ўзбекистон термаси иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб ўйнади. Қизил карточка вазиятни мураккаблаштиргани тайин. Муҳими, футболчилар айнан шундай қийин паллада характер кўрсатишди.

Тошкентдаги асабийлик

Саралаш турнири Тошкентда бўлди. Бу катта устунлик — таниш деворлар, мухлислар, мослашишга эҳтиёж йўқ. Гуруҳ босқичи баҳс­лари осон бошланди: Шри-Ланка термаси 10:0 ва Лаос жамоаси 7:0 ҳисобида мағлуб этилди. Бироқ шу вақтда Непал термаси ҳам чакки эмаслиги ойдинлашди. Яъни непалликлар ҳам гуруҳдаги рақибларни катта ҳисобларда доғда қолдиришди. Шундай бўлиб чиқдики, 3-турдан ўрин олган ҳал қилувчи баҳс олдидан икки етакчи жамоанинг барча кўрсаткичлари тенг эди. Ўйиннинг асосий вақти эса 3:3 ҳисобида якунланди. Аслида Ўзбекис­тон термаси 3:1 кўринишида олдинга чиқиб олган ва иш битгандек кўринганди. Бироқ рақиб 70 ва 71-дақиқаларда 2та гол уриб, мувозанатни тиклади. Жуда аламли, жуда. Хуллас, пенальтилар серияси охирги синов бўлди. Бунда асаблар ва тажриба бош омилга айланди. Ўзбекистонликлар ҳар икки жиҳатда устун чиқиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шу тариқа жамоа 2003 йилдан буён илк марта Осиё кубогига йўл очди.

Австралияда нималар кутяпти?

Финал босқичи 2026 йилнинг март ойида бўлиб ўтади. 23 йилдан буён бундай даражада ўйнамадик — жуда катта танаффус. Шу вақт ичида аёл футболчиларнинг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Бўлажак чемпионатга мезбон жамоадан ташқари, аввалги турнирнинг энг яхши 3та иштирокчиси ҳам саралаш ўйинларисиз, автоматик равишда йўл олган. Булар - Хитой, Япония ва Жанубий Корея термалари. Австралияда шу грандлар билан куч синашишга тўғри келади. Осиё чемпионатида иштирок этиш фақат обрў эмас, бу турнир ЖЧ-2027 ва Олимпиада-2028 учун саралаш вазифасини ҳам ўтаб беради. Шундай экан, мақсад ва умид максимал даражада. «Яшил қитъа»да лоақал чорак финалга чиқиш катта натижа саналади. 

Осиё аёллар футболи ҳукмронлари

Осиё аёллар футболида бир нечта етакчи жамоа бор. Япония термаси — 2011 йилги жаҳон чемпиони. Японларда техник салоҳият юксак даражада, тактикада эса энг кичик жиҳатлар ҳам эътиборга олинган. Хитой термаси узоқ йиллар қитъада асосий куч саналган. Жисмонан бақувват аёллар, халқаро тажриба бир вагон. Тўғри, охирги йиллар Хитой аёллар футболида бироз пасайиш кузатилди. Жанубий Корея термаси эса тезкор ва чиройли футбол намойиш этади. Кўплаб футболчилари Европанинг етакчи лигаларида тўп суришади. Бу корейсларга тажриба ва маҳорат бобида катта устунлик беради, албатта. Авс­тралия футболи расмий жиҳатдан ОФК аъзоси саналсада, терма жамоалари куч жиҳатидан Европа вакилларига яқин. Австралия миллий лигаси ҳам кучли, терма жамоа мундиалда доимий равишда қатнашади.

Ўзбекистон чемпионати — асосий 

пойдевор

Ҳар қандай терма жамоа маҳаллий чемпио­нат базасида шаклланади. Ўзбекистонда аёллар чемпионати 1995 йили йўлга қўйилган. Миллий лига футболчилар ўсиши учун яхши пойдевор. 2013 йилдан эътиборан Олий лигада фақат профессионал клублар иштирок этмоқда. Ҳа, муаммолар етарли, барибир. Аёллар футболида маош паст. Шундан ҳам кўплаб аёл футболчилар ўқиш ёки бошқа иш билан ҳам шуғулланишади. Стадионларга мухлислар ташрифи кам, ҳомийлар томонидан ҳам ҳали унча қизиқиш йўқ. Тўғри, ижобий силжишлар бор. Мана, ассоциацияси аёллар футболига кўпроқ маблағ ажрата бошлади. Янги майдонлар қурилмоқда, хорижлик мураббийлар ишга чақирилмоқда. Ёшлар термаси ҳам тобора ўсмоқда. Хусусан, U-20 жамоа­си яқинда ўз тоифасидаги Осиё кубогига йўл олди.

Қўшнилар ҳам жим туришмаяпти

Умуман, аёллар футболи бутун минтақада ривожланмоқда. Хусусан, Қозоғистонда аёллар секторига катта сармоя киритилмоқда. У ерда мунтазам чемпионат йўлга қўйилган, «БИИК-Шимкент» каби кучли клублар бор. Тожикистон эса яқинда аёллар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Унда 5та мамлакат жамоаси қатнашди. Бундай турнирлар даражани кўтаришга ёрдам беради, албатта. Қирғизистон аёллар футболи ҳам ҳаракатда, лекин ҳозирча қўшнилардан ортда қолмоқда. Туркманистонда эса аёллар сектори эндигина йўлга қўйилмоқда. Муҳими, тренд тушунарли — минтақада аёллар футболига қизиқиш тез суръатда ўсмоқда.

Пул — ҳал қилувчи омил

Аёллар футболи тараққиёти катта маблағ талаб қилади, албатта. Маош, малакали мураббийлар, майдонлар, зарурий жиҳозлар — ҳаммасига пул керак. Қолаверса, харажат тезда самара бермайди. Шу маънода терма жамоанинг ютуғи ҳаммасини ўзгартириши мумкин. Жамоа халқаро майдонда ўйнаса, қизиқиш кескин ортади. Яъни ОАВда кўпроқ ёзилади, ҳомийлар эътибор қарата бошлашади. Кейинги вақтлар аёллар футболига қизиқиш бир қадар ошди. Бу борада айниқса, мобиль иловалар фаол. Аёллар турнирларининг телевизион ҳуқуқлари ҳам ўз қийматини топмоқда аста-секин. Хусусан, уларда маҳаллий жамоалар иштирок этса. Реклама, чипталар ва сувенирлар сотуви - буларнинг барчаси даромад келтириши мумкин.

2029 йили уйда

Ўзбекистонда аёллар футболи ривожига алоҳида туртки бор. 2029 йили биз аёллар миқёсидаги Осиё кубогини қабул қиламиз. Ҳа, бу катта масъулият, шунинг баробарида имконият ҳам. Терма жамоа мезбон сифатида финал раундига автоматик равишда йўлланма олади. Лекин иштирок этишнинг ўзи кифоя қилмайди. Мухлислар ўз жамоаларидан муносиб ўйин кутишади. Уйда муваффақиятсизликка учраш — катта шармандалик. Шунинг учун келажак учун иш олиб борилмоқда. Фақат ҳозирги таркиб эмас, балки кейинги авлод ҳам шакллантирилмоқда. Болалар секциялари, мураббийлик курслари, янги стадионлар — барчаси вақт ва маблағ талаб этади.

Шунчаки, фақат спорт эмас

Бизнинг ўлкаларда аёллар футболи фақат спорт эмас, балки бошқа муаммолар билан ҳам тўқнашади. Ҳалигача кўпчилик футбол қизларга керак эмаслигини айтади. Ота-оналар ҳам кўпинча қизларининг бундай қизиқишларига қарши чиқишади. Терма жамоанинг муваффақияти шу вазиятни ҳам ўзгартириши мумкин. Зеро, одамлар аёл футболчилар халқаро майдонда мамлакат номидан ўйнашларини кўришса, муносабатлари ижобий томонга ўзгаради. Яна кумирлар пайдо бўлишади, аёллар спорти нуфузи ошади. Албатта, таълимий дастурлар керак. Оналар ва оталарга спорт фақат мушакларни эмас, характерни ҳам шакллантиришини тушунтириш зарур. Жисмоний тайёргарликдан ташқари, характер, интизом, жамоавий иш, таслим бўлмаслик — булар ҳар жойда қўл келади.

Фан ва технологиялар

Замонавий футболни видеотаҳлилсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аёллар жамоалари шу масалада кўпинча эркакларникидан ор­қада. Лекин вазият аста-секин тенглашмоқда. Дейлик, терма жамоамизда эндиликда етарли тайёргарлик услублари бор. Котрине Кулбите Европа иш тажрибасини олиб келди: рақибларни таҳлил қилиш, футболчилар билан индивидуал ишлаш, жисмоний ҳолатни назорат қилиш. Тиббий хизмат ҳам яхшиланмоқда. Аёллар футболидаги жароҳатларнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Шунинг учун бу соҳани тушунадиган врачлар зарур.

Яқин ойлар учун режалар

2026 йилнинг март ойигача тайёргарлик учун вақт бор. Кулбите эса аллақачон ўз режалари билан ўртоқлашди. Машғулотлар, назорат учрашувлари, кичик турнирларда қатнашиш кўзда тутилган. Ўзбекистон чемпионати ноябрь ойида тугайди. Шундан кейин терма жамоа билан тўлақонли тарзда ишлаш мумкин. Асосийси — юкламани тўғри тақсимлаш ва футболчиларни ортиқча чарчатмаслик. Мураббий бу борада ассоциация ёрдамидан умидвор. «Футбол ассоциацияси керакли шароитларни муҳайё этишига ишонаман», — деганди литвалик мутахассис саралашдан кейин.

Грандларга қарши реал имконият

Хўш, биз грандларга тенглаша оламизми? Ҳозирча фарқ катта. Япония, Хитой, Жанубий Корея терма жамладарида тажриба ва анъаналар катта. Бироқ футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Асосийси — тўғри шайланиш ва чўчимаслик. Гранд жамоаларга қарши ўйин тажрибасининг баҳоси баланд. Ҳатто натижа қониқарсиз бўлса ҳам. Реал мақсад — ОК-2026да гуруҳ босқичидан ўтиш. Агар шу амалга ошса, катта тараққиёт ҳақида гапириш мумкин. Кейин эса сенсацияни кўзласак, ярашади... Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аллақачон характер кўрсатган. Энди буни энг юқори даражада исботлаш қолди. Йўл оғир, лекин асло зерикарли эмас.

Манба: vg-news.ru

Related to this topic: