Шотландия сўнгги йилларда ёш иқтидорли футболчилари билан мақтана олмаяпти. Киран Тирни ва Льюис Фергюсонни - ёшлигида порлаган ва деярли ўз салоҳияти чўққисига чиққанлар, деб аташ қийин. Райан Голд, Аарон Хики, Дэвид Тернбулл, Билли Гилмор, Кэлвин Рэмзи, Жош Дойг эса фақат футбол симуляторлари ва менежерларининг юлдузлари, лекин ҳаётда чўққига чиқа олмаган футболчилардир. Ҳозир шотландлар кучли ва жанговар жамоага эга. Юлдуз мақомидаги Робертсон ва Мактоминай ҳамда тажрибали МакГинн ва Макгрегорлар орасида ниҳоят иқтидорли ёшлар пайдо бўлишмоқда. Ва нафақат Шотландиянинг, балки бутун Британиянинг асосий истеъдодларидан бири - Леннон Ли Миллер.
Леннон болалигидан футбол билан ҳамнафас: отаси Шотландия элитаси клубларида 250дан ортиқ, терма жамоада эса 3та ўйин ўтказган
Леннон туғилганиданоқ спорт ичида - отасининг фаолияти энг юқори чўққида бўлган пайт туғилган. Кичик Миллер 25 августда туғилган, бундан 6 кун ўтиб эса катта Миллер «Абердин»га кўчиб ўтади ва унинг таркибида 120дан ортиқ ўйин ўтказади.
Ли Миллерни Шотландия Премьершипнинг маҳаллий афсонаси деб ҳисоблаш мумкин. Унинг рекорди «Абердин»дан ташқари «Данди Юнайтед», «Хартс» ва «Килмарнок» учун ўйинларни ўз ичига олади. Ва ҳатто, бир неча марта Ли Шотландияни тарк этди - «Мидлсбро», «Бристол Сити» ва бошқа бир қанча инглиз клубларида ўйнаган.
Ленноннинг ўзи 7 ёшида «Мазервэлл» тизимига қўшилади, аммо академияга ўтишдан олдин ҳозиргача ҳаётидаги асосий клубига умуман ўтмаслиги ҳам мумкин эди. «Пўлатчилар» академиясига ўтишдан олдин Миллер «Селтик»да шуғулланарди. Аммо унга «кельтлар»нинг талаблари ўта кучлилик қилади ва у ердан кетади.
«Мазервэлл»да Леннон тезда ўз ёш тоифасидаги энг истиқболли ўйинчилардан бирига айланди. Жамоа мураббийлар штаби ёш футболчига имкон қадар кучли ўсиш имконини берди, кўпинча уни ёши каттароқ жамоаларда ўйнатишарди.
«Мазервэлл» академиясининг қабул бўлими бошлиғи Стюарт Огилви биринчилардан бўлиб Ленноннинг ўйини билан танишди: «У майдоннинг исталган нуқтасига чиройли ва аниқ узатмалар қила оларди, ўйинни эса худди ҳозиргидек бошқарарди. 30 йиллик скаутлик фаолиятимнинг 25 йилини «Мазервэлл»да ўтказдим ва Леннонни кузатганимдаги туйғу Жеймс МакФадден ҳамда Дэвид Тернбуллни кузатганимдаги билан бир хил эди».
Ленноннинг онаси Донна 2012 йилда саратон касаллигидан вафот этган.
Миллер клуб тарихидаги энг ёш футболчига айланди ва тезда ўсмирликдан етакчига айланди
Миллер биринчи марта «Мазервэлл» футболкасидаги расмий ўйинда - мавсум 2022|23 бошида, Шотландия Лига кубоги доирасидаги «Инвернесс»га қарши баҳсда қатнашади. Ўша куни Леннон «пўлатчилар»нинг 136 йиллик тарихидаги рекордини янгилайди: 16 ёшу 6 кунлигида майдонга тушган энг ёш футболчига айланди.
Ўша мавсум ёш иқтидор учун катта футболдаги дастлабки кичик қадам эди. У деярли ҳар доим захира ўриндиғида қолди ёки асосий таркибга умуман киритилмади. Рекордли дебютдан сўнг Миллер барча мусобақаларда бор-йўғи 116 дақиқа ўйин вақтини олди холос.
Леннон кейинги мавсумни майдон марказида асосий таркиб билан бошлади. Аммо ноябрь ойида жиддий жароҳат олади - тиззаси синади, бу эса уни 3 ойга сафдан чиқарди. Бу даврда клуб футболчини кучли қўллаб-қувватлади ва жароҳатдан икки ҳафта ўтиб шартномасини 2026 йилгача узайтирди. Соғайиб сафга қайтган Миллер мавсумнинг қолган қисмида атиги битта ўйинда майдонга тушмади. У «пўлатчилар» «марказ»идаги асосий фигурага айланди.
Бу мавсум Миллер учун юксалиш. У бир мавсумда ўйинлар сони бўйича ўз рекордини янгилади, сардорлик боғичини олди ва терма жамоага дебют чақирувига сазовор бўлди
18 ёшли футболчи учун Миллер ажойиб чидамлилик ва самарадорликни намойиш этади: 2024|25 мавсум бошидан 2025 йил январигача Леннон барча турнирларда «пўлатчилар» учун 27та ўйин ўтказди, улардан фақат 3тасида захирага олинди.
«Мазервэлл» узоқ вақт Премьершипнинг кучли олтилигида қолди. Ва бунда ёш иқтидорнинг ҳиссаси катта бўлди: 20-турдан кейин Миллер гол}пас бўйича 8 (2}6) очко билан жамоанинг энг яхши кўрсаткичига эга бўлди. Ноябрь ойида Леннон ҳатто сардорлик боғичини қабул қилиб олди.
Миллер учун пойга шунчаки, даҳшатли ва у ёзда албатта кетади. Навбатда эса Англия, Шотландия ва Германиянинг топ-клублари туришибди
Бу мавсумдан бошлаб Миллернинг ўйини нафақат Шотландияда, балки Европанинг кўплаб жамоалари скаутларининг диққат марказида турибди. Кузда Леннон АПЛнинг топ-6 клублари радарига тушди. «Манчестер Сити», «Челси», «Ливерпуль», «Астон Вилла» бирин-кетин шотландиялик ярим ҳимоячи учун пойгага қўшилиб, скаутларни ўйинларга фаол равишда жўнатишди. Ноябрда Daily Record нашри «Саутгемптон» ёш шотландга қизиқаётганини ёзганди. Бундан олдинроқ эса Миллерни «Кристал Пэлас» ва «Болонья» билан боғлашаётганди. Айтганча Италия клубида унинг ватандоши Льюис Фергюсон муваффақиятли ўйнаб келмоқда. «Болонья» 2020|21 йилги мавсумда Премьершип вакили - «Хартс»дан ҳимоячи Аарон Хикини сотиб олганди ва у «Болонья»нинг 110 йиллик тарихидаги биринчи шотландиялик футболчига айланганди. Қишда «Мазервэлл» эшигини янада қудратлироқ клублар тақиллатиб келишди. Қаҳрамонимизга «Ливерпуль», «МЮ» ва «Рейнжерс» совчи жўнатишди. «Селтик» эса январдаги трансфер ойнасининг сўнгги кунигача ёш иқтидор учун курашди.
Март ойи бошида The Sun нашри Леннон учун 5 млн. евро тўлашга тайёр бўлган Бельгиянинг «Юнион»и Миллер трансфери устида ишлаётгани ҳақида хабар берган эди. Тахминларга кўра, агар бундай трансфер амалга ошса, бир мунча вақт ўтгач, ярим ҳимоячи «Брайтон»да пайдо бўлади. Чунки бу клубларнинг хўжайини битта - британиялик Тони Блум.
Энг сўнгги қизиқишлардан бири - Франциядан. The Scottish Sun нашрининг ёзишича, «Страсбур» 4 млн. фунт стерлинг миқдорида таклиф тайёрламоқда. Миллерга Германияда ҳам қизиқиш бор. Ёш истеъдод учун Бундеслиганинг бир қанча клублари навбат кутишмоқда: «Вольфсбург», «Айнтрахт», «Вердер» ва «Боруссия Дортмунд»...
18 ёшга келиб, шотландиялик иқтидор плеймейкерлик топ-маҳорати, совуққонлиги ва юқори футбол IQ билан эталон «олтилик»ка айланди
Миллернинг муҳим параметрлари: 2024|25 мавсумида зарба бериш учун узатмалар сони бўйича барча Европа чемпионатларидаги 19 ёшгача бўлган футболчилар орасида 7-ўринда. Леннонда 45та шундай пас бор. Ундан олдинги номларга қаранг: Том Бишоф, Кенан Йилдиз, Дезире Дуэ, Жовани Кенда ва Ламин Ямал. Рейтингда эса Алексей Батраков пешқадамлик қилмоқда, «Локомотив» ярим ҳимоячиси ҳисобида 82та узатма бор. Шотландия Премьершипида эса Миллер бу кўрсаткич бўйича 9-ўринни эгаллади.
Леннон ёш бўлишига қарамай, майдонда тажрибали ва етук футболчига ўхшайди. Номинал равишда 18 ёшли иқтидор - бокс-ту-бокс, лекин «ўнлик»да ҳам ўйнай олади. Энг яхши кўринадиган жойи эса таянч зонасидан ҳаракатни бошлашидир. У ердан Миллер ўйин суръатини назорат қилади, рақиб босимини бузади ва кутилмаган паслари билан рақиб ҳимоя чизиғини парчалаб ташлайди.
Манба: sports.ru, А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади