Альваро Каррерас - «Реал»нинг янги ҳимоячиси. Мадрид клуби ўз тарбияланувчиси саналган футболчи трансфери учун «Бенфика»га 50 млн. евро тўлайди бир неча транш (ўтказма) кўринишида. Хуллас, Альваро ўз уйига қайтди, чунончи, у вақтида «Қироллик клуби» академиясида 2 йилча таҳсил олганди.
Менди билан тез орада хайрлашадиларми? «Реал» билан 2031 йилгача мўлжалланган шартномани расмийлаштирган Альваро Каррерас 18-рақамни танлади. Испаниялик 22 ёшли ҳимоячи келишув бўйича йилига 8 млн. евро миқдорида маош олади. Каррераснинг трансфери «Реал» Ферлан Мендидан воз кечиши эҳтимолини англатади. Бинобарин, жароҳатларга мойил франциялик футболчи анчадан буён талаб даражасида тўп суролмаяпти. Чап қанот ҳимоясининг яна бир вакили Фран Гарсиянинг ўрни эса мутлақо дахлсиз. Ҳар ҳолда, унинг ўйин услуби Хаби Алонсога жуда маъқул. Айтиш керак, испаниялик мутахассис «Байер»да ишлаган вақтидаёқ Фран трансферига жиддий қизиққанди. Альварога қайтсак, ОАВда уни май ойидаёқ Мадридга «қайтаришганди», бироқ амалда музокара жараёни жуда чўзилиб кетди. Умуман, «Реал» бош мураббийи энди янги шогирдидан мамнун: у нафақат орқа чизиқнинг қанотлари, балки марказий ҳимоячилар учлигида ҳам бемалол ишончли ўйнай олади. Маълумотларга қарасак, музокара жараёнининг орада узилиб қолишига футболчи шартномасидаги компенсация бандини фаоллаштириш 1 июлга чўзилиб кетгани сабаб бўлди. Аниқроғи, «Бенфика» кўрсатилган суммани бирданига тўлиқ олишни истади, мадридликлар эса тўловни бўлиб-бўлиб амалга ошириш вариантини илгари суришди. Томонлар узоқ вақт айни шу масалада келишолмадилар, якунда эса португалияликлар охир-оқибат, «Реал» таклифини қабул қилдилар.
Эрик тен Хаг қўл остидаги азобли давр. Каррерас фаолиятини «Расинг Ферроль» академиясида бошлаб, кейин «Депортиво»га ўтган, 2017 йили «Реал» ёшлар жамоаси сафига қўшилиб, Рауль Асенсио билан дўстлашиб олганди. Бироқ Альваро яқин дўстидан фарқли ўлароқ, асосий жамоада имконият беришларини кутиб ўтирмади ва туманли ўлка футболини забт этишга чоғланди. Бинобарин, йигитчанинг салоҳияти «МЮ» скаутларини қизиқтириб қолганди. Ҳимоячи яна 2 йилдан кейин «қизил иблислар»нинг асосий таркибидан жой олди, лекин қўққисдан бош мураббий Эрик тен Хаг билан келишмовчилик юзага чиқди. Гап шундаги, Каррерас аввалига вингер позициясида тўп сурган, кейин ҳимоя чизиғига сурилганди. Яққол ҳужумкорликка интилиш оқибатида ҳимояда пасайиш кузатилди ва бу нидерландиялик мураббийни иккилантириб қўйди. Якунда испаниялик футболчи ижара сафарига юборилди, боз устига, каттароқ жамоа эмас, балки Чемпионшип иштирокчиси «Престон»га. Муҳими, Альваро қисқа муддатда жамоанинг чап қанот ярим ҳимоячиси ролида ёрқин тўп сура бошлади. Шу аснода Манчестерга қайтган Альваро яна битта имконият олди: Эрик тен Хаг 2023 йили уни мавсумолди тайёргарлик йиғинига жалб этди. Футболчи 4та ўйинда иштирок этиб, 1та ассист муаллифига айланган бўлсада, мураббий ишончини қозонолмади, барибир. Хуллас, Эрик латерални бу сафар «Гранада»га жўнатиб, раҳбариятдан Серхио Регилон трансферини сўради.
Ҳаммаси «Бенфика»да ўзгарди. Каррерас ҳатто «Гранада» сафида ҳам ярим йил давомида атиги 5 марта бошланғич таркибда майдонга тушди. Шу паллада тўсатдан «Бенфика» бўй кўрсатди ва «МЮ»дан Альваронинг ижара келишувини муддатидан аввал бекор қилиб, уни Лиссабонга жўнатишини илтимос қилди. Якунда испаниялик 6 млн. евро ва қўшимча 3 «лимон» бонус эвазига «Бенфика» футболчисига айланди. Табиийки, «МЮ» ушбу келишувдан тўла қониқди, чунки Эрик тен Хаг ҳимоячига умуман ишонмаганди. Лиссабонда ҳам аввалига Каррераснинг ишлари унча юришмади. У жуда кам майдонга тушганидан ҳатто кетишни ўйлай бошлади. Лекин қисқа вақт ичида ҳаммаси бирдан ўзгариб кетди: испан ўғлони асосий таркибдан жой олиши билан дастлабки голини урди ва мураббийлар штаби ёқимтойига айланди. Мавсум-2024|2025 статистикасини олсак, Альваро барча мусобақалар ҳисобидан 52та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол ва 5та ассист расмийлаштирди. Мана, «Бенфика» футболчи трансфер қийматини яққол ошириб, уни манфаатли тарзда «Реал»га сотди. Орада «МЮ» қайта харид қилиш баҳосини 18 млн. еврога кўтаришни ўйлади, лекин португаллар кўнишмади.
«Реал» вакилларини қийнаётган савол. «Текинга кетган футболчини қандай қилиб, 50 млн. еврога сотиб олиш мумкин?» - деди ўз шахсини сир тутган жамоа вакили The Athletic нашрига берган интервьюсида. Испаниялик журналистлар эса «сирли одам»ни зудлик билан аниқладилар - Тристан Селадор. Каррерас айнан унинг кўз ўнгида «Мадрид» ёшлар жамоасидан кетганди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Селадор энди Хаби Алонсонинг янги ёрдамчиси. Нима бўлишидан қатъий назар, «Реал» президенти Флорентино Перес жуда бахтиёр. «Бугун болалик чоғингда келган шаҳарга дунёдаги энг зўр клубнинг бир бўлаги нималигини англаган ҳолда қайтдинг. Орзунг асосий жамоада тўп суриш эди ва айнан шу сабабли кўплаб касбдошларинг каби кетиш ва ажойиб футболчи мақомида қайтишга қарор қилгандинг. Ҳозир шундай футболчисан. «Бенфика»да кўпчилик меҳрини қозониб, лиганинг энг яхши чап қанот ҳимоячисига айландинг. Бугун сени жуда яхши биладиган ва қўллаб-қувватлайдиган оиланг кузатиб қўймоқда. «Бернабеу» эса кутмоқда: бугунги кун сен учун энг ёрқин ҳиссиётлар даври бошланганидан дарак бермоқда. Уйингга хуш келибсан, «Реал Мадрид»га хуш қайтибсан», - деди Перес матбуот анжуманида.
Манчестерлик журналистлар муносабати. Табиийки, Каррерас атрофидаги воқеалар Манчестерда танқидларнинг янги тўлқинини юзага келтирди. «Жамоа Маласиони харид қилган, Шоу билан 4 йиллик шартнома тузган, Регилонни ижара асосида ўйнатган ва чап қанот ҳимоячиси позициясида 3 нафар ҳужумчидан фойдаланган вақтда Альварога қизил либосда бирор марта тўпга зарба бериш имконияти берилмагани шунчаки, шармандалик», - деди журналист Самуэль Лакхерст. Бундай эътирозлар талайгина...
Манба: sport-express.ru, Содиқ СОБИР тайёрлади